«Shinhan Bank» 18 йилдан сўнг Ўзбекистон бозорига киришга қарор қилди

Bugun 12:062 daqiqa

Жанубий Кореянинг «Shinhan Bank»и 2000 йиллар ўрталарида Марказий Осиё бозорига киришни режалаштирган эди. Bank 2008 йил январ ойида Қозоғистонда ўз фаолиятини йўлга қўйиб, шу йилнинг октябрида Ўзбекистонда ҳам банк очишни мўлжаллаган. Бироқ жаҳон молиявий инқирози туфайли бу режалар амалга ошмай қолганди.

«Shinhan Bank» 18 йилдан сўнг Ўзбекистон бозорига киришга қарор қилди © wsj.com

«Shinhan Bank» Ўзбекистон молия бозорига кириш бўйича амалий қадамларни бошлади. Бу ҳақда Pulse нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, банк мамлакатда шўба компания очиш бўйича ички қарор қабул қилган ва яқин вақт ичида маҳаллий регуляторларга ариза топширишни режалаштирмоқда.

Бу ташаббус «Shinhan Financial Group»нинг халқаро кенгайиш стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа гуруҳ раиси Жин Ок-доннинг иккинчи муддатидаги илк йирик хорижий инвестицияси бўлиши мумкин.

Бозорга кириш режалари

Манбаларга кўра, банк Ўзбекистонда тўлиқ қонуний тузилма – маҳаллий банк ташкил этишни режалаштирмоқда. Агар рухсат берилса, бу «Shinhan Bank»нинг 11-хорижий бўлими ва Жанубий Корея тижорат банклари орасида Ўзбекистонда биринчи тўлиқ форматдаги банк бўлади.

Тайёргарлик ишларининг катта қисми аллақачон якунланган, шунингдек, асосий масалалар регуляторлар билан келишилгани айтилмоқда. Тўлиқ фаолиятни келгуси йилда бошлаш эҳтимоли юқори баҳоланмоқда.

18 йиллик қизиқиш ва янги имкониятлар

«Shinhan Bank»нинг Ўзбекистонга қизиқиши 2008 йилда Қозоғистонда банк очилганидан кейин бошланган. 2009 йилда Тошкентда ваколатхона ташкил этилган. 2024 йилда эса банк мутахассислари мамлакат молия органлари билан музокараларда иштирок этган.

Гуруҳ раҳбари Жин Ок-дон ўтган йил апрель ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, банк очиш ва кенг қамровли молиявий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Ўзбекистон бозори жозибадорлиги

Банк Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг истиқболли бозорлардан бири деб баҳоламоқда. Қарийб 37 миллион аҳоли ва ўртача 29 ёшли демография молия хизматларига юқори талабни шакллантирмоқда.

Шунингдек, кредитлаш ва валюта операцияларига эҳтиёж ортиб бораётгани, фоиз ставкалари тахминан 14 фоиз атрофида экани бозор жозибадорлигини оширмоқда.

Банк дастлаб корпоратив мижозларга хизмат кўрсатишни, кейинчалик эса чакана сегмент, ипотека ва автокредит йўналишларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid