Солиқ инспектори пора билан қўлга тушди
Тошкент вилоятида фермерга солиқ қарзини кечиктириб бериш эвазига пул талаб қилган солиқ инспектори ушланди.

Тошкент вилояти Бўка тумани солиқ инспекциясининг бош инспектори фермер хўжалиги раҳбаридан пора талаб қилган ҳолда қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, инспектор пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбарининг ишончига кирган. У фермер хўжалигининг солиқ органлари олдида мавжуд бўлган 165,6 млн сўм миқдоридаги қарздорлигини тўлаш муддатини узайтириб беришни ваъда қилган.
Бош инспектор бу ишни вилоят солиқ бошқармасида ишловчи таниши орқали ҳал қилиб беришини айтган. Эвазига эса фермердан 10 млн сўм миқдорида пул талаб қилган.
Тезкор тадбир доирасида у сўралган маблағни ўз хизмат хонасида олган вақтида қўлга олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан пул маблағлари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов даврида унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Тергов доирасида ушбу жиноятга алоқадор бошқа шахслар ҳам бор-йўқлиги текширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Шеробод туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат фош этилганди. Тезкор тадбирда Шеробод тумани давлат солиқ инспекциясининг собиқ бош инспектори фуқародан пул талаб қилгани маълум бўлган.





