Солиқ қўмитаси ва «Ўзбекнефтгаз» иштирокида бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди

Kecha 11:252 daqiqa

Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаси доирасида ҚҚС маблағларини ноқонуний шакллантириш орқали 643,2 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани маълум бўлди.

Солиқ қўмитаси ва «Ўзбекнефтгаз» иштирокида бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди © sputnik

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Солиқ қўмитасининг комплаенс ва коррупцияга қарши назорат бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда йирик миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолати фош этилди.

Департамент томонидан Солиқ қўмитаси комплаенс ва коррупсияга қарши назорат бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ш.Г.» МЧЖ, «С.Э.» МЧЖ ҚК, «А.» МЧЖ ва «Э.Э.» МЧЖ ҚКнинг Ўзбекистондаги доимий муассасаси масъул шахслари ўзаро тил бириктирган.

ҚҚС маблағини шакллантириш

image_2026-06-03_11-35-59

Шўртан газ кимё мажмуаси

Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш бўйича берилган 5,3 трлн сўмлик хизматлар ҚҚСдан озод этилган бўлсада, ҚҚС суммасини электрон ҳисоб-фактураларга ноқонуний киритиб, бюджетда асоссиз равишда ҚҚС маблағини ҳосил қилиб, ушбу маблағни «А.» МЧЖнинг ҳисоб рақамига қайтарилишига ва «С.Э.» МЧЖ ҚКнинг давлат олдидаги кредиторлик қарздорликларининг йўқ қилинишига эришган. Бунинг оқибатида 643,2 млрд сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисоб-китобларига кўра, ушбу ҳаракатлар оқибатида давлат бюджетига 643,2 млрд сўм зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар сохта ҳисоб-фактуралар ва харид чеклари орқали «Soliq Mobile» тизимидан 35,1 млрд сўм бюджет маблағини ноқонуний ўзлаштирганлиги маълум қилинган эди.

Teglar

Mavzuga oid