Logo

Сўмдаги омонатлар даромадлилиги пасайишда давом этмоқда

Bugun 12:392 daqiqa

Октябр ойида сўмдаги омонатлар даромадлилиги 17,1 фоизгача пасайди. Пасайиш аҳоли омонатларида кучлироқ сезилди, бизнес сегментида эса ставкалар ошди.

Сўмдаги омонатлар даромадлилиги пасайишда давом этмоқда © Foto: Sputnik

Октябр ойида миллий валютадаги омонатлар бўйича фоиз ставкалари яна пасайиб, ўртача 17,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Сўмдаги омонатлар даромадлилиги аввалги ойга нисбатан 0,1 фоиз пунктига, сўнгги бир йил ичида эса 1,9 фоиз пунктига камайган. Хусусан, бир йилгача бўлган муддатли омонатлар бўйича фоиз ставкалари сентябрга нисбатан 1 фоиз пунктига ошиб, 15,2 фоизга етди, бироқ ўтган йилги даражадан 2,4 фоиз пунктига пастлигича қолмоқда.

Узоқ муддатли омонатлар даромадлилиги эса бир ойда 0,4 фоиз пунктига, йиллик ҳисобда 1,8 фоиз пунктига камайиб, 17,7 фоизни ташкил этди.

Аҳоли учун омонатлар даромадлилиги кетма-кет учинчи ой 18,4 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда (йиллик ҳисобда 2,5 фоиз пунктига пасайган).

Бунда қисқа муддатли депозитлар бўйича ставкалар бир ойда 1,8 фоиз пунктига ошиб, 17,4 фоизга етган, узоқ муддатли депозитлар эса 0,2 фоиз пунктига пасайиб, 18,6 фоизни ташкил этган.

Инфляцион кутилмалар чегириб ташланган реал фоиз ставкаси сентябрга нисбатан 0,4 фоиз пунктига пасайиб, 8,5 фоизга тушди, аммо ўтган йилги даражадан 0,3 фоиз пунктига юқорилигича қолмоқда.

Бизнес ва валютадаги омонатлар

Юридик шахслар учун сўмдаги омонатлар ўртача 15,7 фоиз ставкада таклиф этилмоқда — бу ўтган ойга нисбатан 0,7 фоиз пунктига кўп, ўтган йилга нисбатан эса 1,4 фоиз пунктига кам.

Бир йилгача бўлган муддатли депозитлар даромадлилиги 14,2 фоизни (+0,9 фоиз пункти), бир йилдан ортиқ муддатли депозитларники эса 16,5 фоизни (+0,4 фоиз пункти) ташкил этди. Ҳар икки кўрсаткич 2025 йил октябрь ойидаги даражадан мос равишда 2,1 ва 1 фоиз пунктига пастлигича қолмоқда.

Кутилаётган инфляциянинг пасайиши ҳисобига бизнес учун омонатларнинг реал фоиз ставкаси сентябрга нисбатан 1,3 фоиз пунктига ошиб, рекорд даража — 6,6 фоизга етди.

Валютадаги омонатлар сегментида фоиз ставкалари сентябрь ойидаги пасайишнинг бир қисмини тиклаб, 4,9 фоизни ташкил этди (ўтган йилги кўрсаткичдан 0,2 фоиз пунктига паст). Қисқа муддатли ҳисобварақлар бўйича ўртача ставка 3 фоизга етди.

Жисмоний шахслар учун валютадаги омонатларнинг ўртача даромадлилиги бир ойда 0,1 фоиз пунктига пасайиб, 5,3 фоизга тенг бўлди. Бунга узоқ муддатли омонатлар сегментида фоиз ставкаларининг 5,6 фоизгача тушиши сабаб бўлди. Бизнес учун мўлжалланган валюта омонатлари ставкалари эса сентябрга нисбатан 1,5 фоиз пунктига ошиб, 4,3 фоизни ташкил этди.

1

2

Teglar

Mavzuga oid