Термиз шаҳар ҳокимлиги ноқонуний бўшатилган ходимларга 212 миллион сўмдан ортиқ товон пули тўлайди
Меҳнат шартномаси ноқонуний бекор қилинган икки фуқаро Давлат меҳнат инспекцияси ёрдамида ишга тикланди.

Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган икки нафар ходим Давлат меҳнат инспекцияси аралашуви билан суд орқали ўз лавозимига тикланди ва улар фойдасига жами 212 миллион сўмдан ортиқ товон пули ундириладиган бўлди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси маълум қилди.
Сурхондарё вилояти ҳудудий Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси томонидан С. Хонимов ва С. Абдулазизовнинг мурожаати асосида ўтказилган текширувда улар билан тузилган меҳнат шартномалари қонунчилик талабларига зид равишда бекор қилингани аниқланган. Ҳолат юзасидан судга киритилган даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.
Мажбурий прогул ва маънавий зарар товони
Суд қарорига мувофиқ, фуқаролар аввалги лавозимига ишга тикланган. Мажбурий прогул даври учун С. Хонимов фойдасига 103 784 375 сўм, С. Абдулазизов фойдасига эса 93 762 541 сўм ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, маънавий зарар учун ҳар иккала фуқарога 7,5 миллион сўмдан, жами 15 миллион сўм миқдорида компенсация тўланиши қарор қилинди.





