Logo

Тўқаев бойлардан кўпроқ солиқ олишни таклиф қилди

Bugun 19:112 daqiqa

Тўқаев халққа қилган мурожаатида солиққа тортишда адолатни таъминлаш вақти келганини айтди.

Тўқаев бойлардан кўпроқ солиқ олишни таклиф қилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халққа йўллаган мурожаатида йирик бойлик эгалари учун юқорироқ солиқ ставкасини жорий этиш масаласини кўриб чиқиш вақти келганини айтди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Маълум қилинишича, президент Ҳукумат ва Қурултойга ушбу масалани ўрганиб, тегишли таклифлар киритишни топширган.

Янги солиқ ҳали қабул қилинмаган

Тўқаев таклиф қилинаётган чоранинг асосий мақсади қонуний равишда орттирилган мол-мулкни чеклаш эмас, балки ҳар бир фуқаронинг мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшишини таъминлаш эканини таъкидлади.

«Ҳеч ким қонуний равишда орттирилган активларни қандайдир тарзда чекламоқчи эмас. Бунинг ўзи Конституцияга зид бўлар эди», — деди президент. Унинг айтишича, бу ерда асосий масала солиққа тортишда адолатни таъминлаш ҳақида кетмоқда.

Ҳозирча янги ставка айнан қанча бўлиши, қайси миқдордан бошлаб фуқаро йирик бойлик эгаси деб ҳисобланиши ва бу солиқ қайси активларга татбиқ этилиши аниқ маълум қилинмаган.

Қозоғистонда амалда қандай солиқ ставкалари бор?

Қозоғистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб янги Солиқ кодекси кучга кирди. У солиқ тизимига бир қатор жиддий ўзгаришлар киритди, хусусан, айрим даромад турлари учун прогрессив индивидуал даромад солиғи шкаласи жорий қилинган.

Амалдаги тартибга кўра, йилига 36 миллион тенгегача бўлган даромад 10 фоизлик ставка бўйича солиққа тортилади, ундан ошган қисмига эса 15 фоизлик ставка қўлланади.

Солиқларни рақамлаштириш ва яширин иқтисодиёт

Тўқаев солиққа тортишда адолатни тўлиқ таъминлаш учун барча жараёнлар шаффоф бўлиши зарурлигини айтди.

Унинг фикрича, илғор технологиялар, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланиш солиқ йиғимларини оширишга, яширин иқтисодиётни қисқартиришга ва коррупция хавфларини кескин камайтиришга ёрдам бериши керак.

Teglar

Mavzuga oid