Logo

Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Пахтакор» футбол клубига 5 млрд сўм ажратди

Аввалроқ пойтахтнинг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев клуб билан ҳамкорликни тўхтатишини маълум қилганди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Пахтакор» футбол клубига 5 млрд сўм ажратди © behance.net

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан «Пахтакор» футбол клубини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 5 млрд сўм миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида расмий қарор қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, пойтахт ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Мунитсипал активларни бошқариш марказининг таклифи маъқулланган.

Унга кўра, футбол клуби томонидан тасдиқланган сарф-харажатлар сметасини молиялаштириш Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Маблағ ажратиш тартиби ва кўрсатмалар

Ҳужжатда ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Д. Худайбергеновга тегишли вазифа юклатилган.

«Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5 000 000 000 (беш миллиард) сўм миқдоридаги маблағни «Пахтакор» футбол клубига ўтказилиши бўйича «Тошкент Инвест компанияси» АЖ кузатув кенгашига таклиф киритсин», — дейилади ҳокимлик қарорида.

Бош ҳомий билан ҳамкорликнинг тўхтатилиши ва клубнинг эътирози

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор» футбол клуби билан ҳамкорликни расман тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди. Бунинг ортидан жамоа жиддий молиявий йўқотишга учраган. Шунингдек, клуб 2025-йилни 50 млрд сўм зарар билан якунлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Бунёдкор»га 5 млрд сўмлик давлат ёрдами ажратилганди. Сал ўтиб, стадионга электр узатиш тўхтатилиб, офиси мазкур аренада жойлашган Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси вақтинча масофадан ишлаш режимига ўтганди. Шундан сўнг, «Бунёдкор» стадионининг электрдан қарзи қарийб 2 млрд сўмга етгани маълум бўлди.

Teglar

Mavzuga oid