Тошкент ва Ереван ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди

Kecha 14:552 daqiqa

Тўғридан-тўғри рейслар ишга тушгунга қадар икки мамлакат ўртасида сафар қиладиган йўловчилар Москва, Истанбул, Тбилиси ва бошқа шаҳарлар орқали транзит парвозлардан фойдаланган.

Тошкент ва Ереван ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди © Uzbekistan Airports

2 июн куни Тошкент халқаро аэропортида Арманистоннинг «Shirak Avia» авиакомпанияси томонидан амалга оширилган Ереван — Тошкент йўналишидаги илк мунтазам рейс кутиб олинди. Шу тариқа Ўзбекистон ва Арманистон пойтахтлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳаво қатнови яна йўлга қўйилди.

Авиакомпаниянинг Еревандан амалга оширган биринчи рейси билан Тошкентга 127 нафар йўловчи етиб келди. Авиация анъаналарига мувофиқ, самолёт сув аркаси остида қарши олинди, экипаж аъзоларига гуллар топширилди.

Шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида Тошкент — Ереван йўналишидаги илк рейс йўловчиларини рўйхатдан ўтказиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Арманистон пойтахтига йўл олган биринчи рейс билан 177 нафар йўловчи жўнаб кетди.

Икки мамлакат ўртасида сафар

Янги авиайўналиш Ўзбекистон ва Арманистон ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Тўғридан-тўғри рейслар ишга тушгунга қадар икки мамлакат ўртасида сафар қиладиган йўловчилар Москва, Истанбул, Тбилиси ва бошқа шаҳарлар орқали транзит парвозлардан фойдаланишга мажбур эди.

Парвозлар Boeing 737 русумидаги самолётларда ҳафтасига бир марта амалга оширилади.

Лойиҳанинг илк музокаралари


Тошкент ва Ереван ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш масаласи илк бор 2017 йилда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Арманистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Карен Карапетян ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган эди.

Аввалроқ мазкур йўналиш бўйича мунтазам рейслар 2026 йил май ойидан бошланиши маълум қилинганди.

«Shirak Avia» — Еревандаги Звартноц халқаро аэропорти базасида фаолият юритувчи Арманистон авиакомпанияси ҳисобланади. Компания 2019 йилдан буён халқаро йўналишларда парвозларни амалга ошириб келади ва унинг авиапарки Boeing 737 туркумига мансуб самолётлардан ташкил топган.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкент ва Ереван ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди | Vaqt.uz