Тошкент халқаро аэропортидаги олтита автотураргоҳ аукционга чиқарилди
Ижара шартларига кўра, оператор ҳудудда рақамли навигация, бўш жойларни кўрсатувчи таблолар ва электромобиллар учун қувватлаш станцияларини ўрнатиши лозим.

Тошкент халқаро аэропорти ҳудудидаги жами 1,5 мингга яқин автомобил сиғадиган олтита автотураргоҳни ижарага бериш ҳуқуқи бўйича «E-auksion.uz» платформасига лот жойлаштирилди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» компанияси маълум қилди.
Умумий майдони 40 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган тураргоҳлар (P1, P3, P4, P5, P7, P8) 3 йил муддатга ижарага берилади. Лотнинг йиллик бошланғич нархи 48 778 800 000 сўм этиб белгиланган бўлиб, аукцион савдолари 2026 йил 19 май куни ўтказилиши режалаштирилган.
Ижара шартларига кўра, оператор ҳудудда рақамли навигация, бўш жойларни кўрсатувчи таблолар ва электромобиллар учун қувватлаш станцияларини ўрнатиши лозим. Шунингдек, бошқарувнинг автоматлаштирилган тизими, рақамларни таниш тизими ва онлайн банд қилиш имконияти бўлган мобил сервисни ишга тушириш талаб этилади.
Ижара ҳақи икки қисмдан — аукционда аниқланадиган қатъий сумма ҳамда тушумнинг 5 фоизи миқдоридаги ўзгарувчан тўловдан иборат бўлади. Ижарачи тураргоҳларни туну кун эксплуатация қилиш, қўриқлаш ва ободонлаштириш ишларига инвестиция киритиш мажбуриятини олади.
Аукцион қоидаларига кўра, савдолар давомида бошланғич сумма камида 5 фоизга ошиши мумкин.





