Logo

Тошкентда 2030-йилгача 400 та маҳалла янгиланиб, 130 мингта иш ўрни яратилади

Bugun 12:052 daqiqa

Пойтахтда маҳаллалар, мактаблар ва боғчаларни янгилаш, шунингдек, миллиард долларлик ишбилармонлик марказини қуриш режалаштирилмоқда.

Тошкентда 2030-йилгача 400 та маҳалла янгиланиб, 130 мингта иш ўрни яратилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида маҳаллаларни ободонлаштириш, янги мактаб ва боғчалар қуриш ҳамда шаҳар муҳитини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди.

Жумладан, Яшнобод туманидаги Ватандош, Моҳинур, Ал-Бухорий ва Тонг маҳаллаларини комплекс янгилаш режалаштирилган. Уларнинг умумий майдони 75 гектар бўлиб, бу ерда 18 386 нафар аҳоли яшайди. Лойиҳа «15 дақиқалик маҳалла» тамойили асосида ишлаб чиқилган.

Ҳудудда уч километрлик сайр йўлаги, спорт ва болалар майдончалари, кўп тармоқли спорт иншооти барпо этилади. Мавжуд мактабларни кенгайтириш орқали 2 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратиш, 540 ўринли тўртта боғча ва учта поликлиника ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, 76 та кўп квартирали уйнинг фасадлари ва муҳандислик тармоқларини янгилаш, жамоат транспорти бекатларини таъмирлаш, пиёда ва велосипед йўлакларини барпо этиш режалаштирилмоқда.

Мактаб ва боғчалар кўпаяди

Тошкентда 2025–2026-ўқув йилида мактабларда ўқувчи ўринлари танқислиги 141 мингтани ташкил этган. Кейинги беш йилда ўқувчилар сони 71 мингтага кўпайиши кутилмоқда. Натижада 2030–2031-ўқув йилига бориб, ўринлар танқислиги 212 мингтага етиши мумкин.

Шу боис, 2030-йилгача республика бюджети ҳисобидан 48 мингта, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан эса 78 мингта янги ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилган. 2026–2027-ўқув йили учун жами 38 минг ўринли 24 та янги мактаб лойиҳаси тайёрланган.

Мактабгача таълим соҳасида ҳам қўшимча ўринлар яратилади. Ҳозир Тошкентда 3–7 ёшли болаларнинг боғчалар билан қамрови 79,2 фоизни ташкил этади, ўринлар танқислиги эса 65 мингтага тенг. 2030 йилгача 40 мингта қўшимча боғча ўрни яратилиб, қамровни 92 фоизга етказиш режалаштирилган.

Миллиард долларлик лойиҳа

Тақдимотда Учтепа туманида «Учтепа Сити» замонавий ишбилармонлик марказини барпо этиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. 37 гектар майдонда икки босқичда амалга ошириладиган лойиҳанинг биринчи босқичида 26 гектар ҳудудга 1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш режалаштирилган. Иккинчи босқичда қолган 11 гектарда турар жой ва хизмат кўрсатиш бинолари қурилади.

Марказда кўп қаватли уйлар, офислар, савдо-кўнгилочар мажмуа, халқаро бренддаги меҳмонхона ва сайилгоҳ ташкил этилади. Шунингдек, Ўзбекистон–Туркия дўстлик боғи ва Отатурк кўчасининг меъморий концепцияси тақдим қилинди.

Умуман, 2030-йилгача Тошкентда 400 та маҳаллани комплекс янгилаш ва 130 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. 2027-йилнинг ўзида 100 та маҳаллада 22 мингта иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Президент мутасаддиларга лойиҳаларни аҳоли эҳтиёжлари ва шаҳарсозлик талаблари асосида такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 100 та жамоат ҳожатхоналарини қуриш учун топографик ишларга 140 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid