Тошкентда автобус бекатларидаги дўконлар олиб ташланади
Жамоат транспорти бекатларидаги савдо нуқталарини босқичма-босқич олиб ташлаш, тегишли ҳужжатга эга тадбиркорларнинг дўконларини эса бошқа жойга кўчириш чоралари кўрилади.

Тошкентда жамоат транспорти бекатлари ҳудудида жойлашган барча савдо объектларини босқичма-босқич олиб ташлаш режалаштирилмоқда. Пойтахт маъмурияти маълумотига кўра, текширувлар натижасида бекат мажмуаларида жами 110 та савдо объекти фаолият юритиб келаётгани аниқланган.
Уларнинг катта қисми «тижорат дўконлари» бўлиб, бекатлар ҳудудида турли хил маҳсулотлар савдоси билан шуғулланади.
Маълум қилинишича, 110 та савдо нуқтасидан 61 таси бекат мажмуаси ҳудудидан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Бу ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилиши кутилмоқда.
Ҳужжатларга эга тадбиркорлар учун ечим
Шаҳар маъмурияти қарорларига мувофиқ, келгусида барча бекатлар босқичма-босқич янгиланади. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларга эса савдо нуқталарини бошқа жойга кўчириш орқали компенсация бериш механизми жорий этилиши кўзда тутилган.
Жаҳон амалиётига кўра, замонавий жамоат транспорти бекатлари йўловчилар учун эркин ва хавфсиз кутиш шароитини яратиши керак. Бунда платформа кенглиги, тирбандлик пайтида уни кенгайтириш имконияти ва барча тоифадаги аҳоли учун қулай бўлган инклюзив муҳитни таъминлаш асосий талаблардан бири ҳисобланади.





