Тошкентда ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича янги дастур ишлаб чиқилди
Экология вазирлиги Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаво ифлосланишини камайтириш ва ҳаво сифатини яхшилашга доир янги қарор лойиҳасини ҳукуматга тақдим этди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги пойтахт ва унинг атроф ҳудудларида атмосфера ҳавосини яхшилаш, ифлосланиш даражасини пасайтириш ҳамда иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишга қаратилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун тақдим этилган. Лойиҳа асосий эътиборни саноат корхоналари ва иссиқхона хўжаликларидан чиқадиган ифлос моддаларни камайтиришга қаратган. Бу ҳозирги кунда Тошкент минтақасидаги энг долзарб экологик муаммолардан бири ҳисобланади.
Таклиф этилган чоралар қаторида саноат корхоналари ва иссиқхоналарда чанг ҳамда газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, мавжуд қозонларни замонавий, энергия жиҳатдан самарадор ва экологик тоза тизимлар билан алмаштириш белгиланган. Шунингдек, кўмир ёқилғисини босқичма-босқич бошқа муқобил энергия манбаларига алмаштириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Лойиҳада ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилишга, чиқиндиларни тозалаш иншоотлари ва ҳаво мониторинги станцияларини жорий этишга қаратилган молиявий рағбатлар тизими ҳам назарда тутилган. Бу грантлар ва бошқа иқтисодий имтиёзлар орқали амалга оширилиши мумкин.
Вазирлик маълумотига кўра, ушбу чоралар амалга оширилса, атмосферага чиқариладиган ифлос моддалар ҳажми сезиларли даражада камаяди, аҳоли учун соғлом муҳит яратилади ва «яшил иқтисодиёт» тамойилларига асосланган экологик барқарорлик таъминланади.





