Тошкентда яширин нарколаборатория ташкил этганлар аниқланди
Чилонзор туманида ташкил этилган яширин нарколабораторияда кучли таъсир қилувчи дори воситалари, прекурсорлар ва синтетик наркотиклар тайёрланган.
© Videodan kadrТошкент шаҳри Чилонзор туманида нарколаборатория ташкил этганлар фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 1996 йилда туғилган шахс бошқарувидаги «Spark» автомашинаси Чилонзор туманида тўхтатилиб, текширилди. Автомашина салонидан 15 дона капсулада «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси борлиги аниқланди.
Шундан сўнг ушбу дориларни сотган 1991 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинди. Терговга қадар текширув жараёнида у Чилонзор туманидаги хонадонлардан бирида яширин нарколаборатория ташкил қилгани маълум бўлди.
Мазкур хонадонда ўтказилган кўздан кечириш ишлари давомида 955 грамм ва 538 дона «Прегабалин», 227 грамм ва 28 дона «Тропикамид», 16 килограмм «Трилон-Б» моддаси ҳамда синтетик наркотиклар тайёрлашда фойдаланиладиган прекурсорлар топилди.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан катта миқдордаги бўш капсулалар, флаконлар ва лаборатория жиҳозлари ҳам мусодара қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу моддалар ноқонуний равишда тарқатиш учун тайёрланган бўлган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва ушбу тармоққа алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада тоға ва жиян наркосавдогарлар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.





