Тошкентдаги баҳсли кўприк лойиҳаси, капитал таъмирга муҳтож мактаблар ва эҳтиёжманд оилаларга тўланган компенсация — 21 апрел дайжести

Kecha 22:254 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тошкентдаги баҳсли кўприк лойиҳаси, капитал таъмирга муҳтож мактаблар ва эҳтиёжманд оилаларга тўланган компенсация — 21 апрел дайжести

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга тўланган компенсация миқдори маълум қилинди

Иситиш мавсумида Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш учун электр энергияси ва табиий газ харажатларини қоплаш мақсадида жами 73,7 млрд сўм компенсация тўланган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига кўра, ушбу механизм PQ-134-сон қарор асосида амалга оширилиб, базавий меъёрдан ортиқ сарфланган энергия учун нархлар фарқи давлат томонидан қоплаб берилмоқда.

Таҳлилларга кўра, компенсация олиш учун 1,3 миллиондан ортиқ ариза келиб тушган. Электр энергияси бўйича аризаларнинг 64,9 фоизи 200 kWгача, 19,7 фоизи 200–350 kW оралиғида, 15,4 фоизи эса 350 kWдан юқори истеъмол қилганларга тўғри келади. Табиий газ бўйича 362,8 минг оила ўрганилиб, уларнинг 79,4 фоизи 500 м³гача, 14 фоизи 500–700 м³, 6,6 фоизи эса 700 м³дан ортиқ газ сарфлаган. Компенсация тўловлари 2027 йил 1 апрелга қадар давом эттирилади.

«Йўлни кенгайтириш тирбандликни ҳал қилмайди». Урбанист БИЙда кўприк ўрнига янги лойиҳани таклиф қилди

Тошкентда Буюк Ипак Йўли метро бекати чорраҳасида қурилиши режалаштирилган икки қаватли кўприк лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаларида баҳсларга сабаб бўлди. Урбанист Искандар Солиев лойиҳани танқид қилиб, унинг асосий мақсади автомобил ўтказувчанлигини 130 фоизга оширишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ушбу чорраҳадан кунига 286 минг пиёда ва 140 минг автомобил ўтади, аммо ҳозирги инфратузилмада йўл майдонининг 81,8 фоизи машиналарга ажратилган, пиёдалар учун эса атиги 10 фоиз жой қолган. Шу билан бирга, режалаштирилган кўприк амалга оширилса, пиёдалар учун шароит яна ёмонлашиб, ўтиш масофаси узаяди ва улар учун ажратилган майдон яна қисқаради.

Солиев муқобил ечим сифатида пиёдалар ва жамоат транспортини устувор қиладиган лойиҳани таклиф қилди. Унга кўра, марказда автобуслар учун алоҳида йўлак сақланади, пиёдалар учун эса светофорлар орқали хавфсиз ерусти ўтиш йўлаклари жорий этилиб, ўтиш масофаси 100 метрдан 25–30 метргача қисқаради. Шунингдек, яшил ҳудудлар 15,4 фоизга оширилиб, дам олиш масканлари яратилади. Урбанист бу вариантни 3–5 млн долларга баҳолаб, кўприк учун сарфланиши мумкин бўлган 20–40 млн доллар ўрнига тежалган маблағни БРТ йўллари, боғлар ёки ижтимоий объектларга йўналтириш мумкинлигини таъкидлади.

Совуқ қуролни такроран олиб юрганлик учун қамоқ жазоси жорий этилди

Ўзбекистонда совуқ қурол ёки шундай мақсадда ишлатилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. 17 апрелда қабул қилинган қонунга кўра, агар бу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, шахсга БҲМнинг 5–10 баравари (2,06–4,12 млн сўм) миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланади ҳамда ашёлар мусодара қилинади.

Амалдаги тартибга кўра, жамоат жойларида совуқ қуролни очиқ олиб юриш учун ҳам жарима мавжуд: қонуний мақсадларда — БҲМнинг 0,5–1 баравари, ноқонуний ёки ўзини ҳимоя қилиш мақсадида эса 1–5 бараваригача. Шунингдек, қонунга киритилган ўзгаришлар асосида болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга қурол сотиб олишга рухсат берилмайди, мавжуд қуроллар эса ҳимоя ордери даврида олиб қўйилади.

Мартда аҳоли энг кўп коммунал хизматлар ва озиқ-овқат қимматлашганини сезди

2026 йил март ойида Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция февралга нисбатан 0,5 фоиз бандга пасайиб, 11,1 фоизни ташкил этди. Марказий банк маълумотига кўра, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 13,3 фоиз, энг пасти эса Наманган вилоятида — 10 фоиз бўлган. Шунга қарамасдан, аҳоли асосан коммунал хизматлар ҳамда гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари ошганини сезган.

Сўров натижаларига кўра, март ойида мева-сабзавотлар, тухум, йўлкира ва ташиш хизматлари арзонлашган, ижара тўловларида ҳам қисқариш кузатилган. Бироқ электр энергияси ва газ, шунингдек, кафе-ресторан хизматлари қимматлашгани қайд этилган. Инфляцияни сезиш даражаси гуруҳлар кесимида фарқ қилиб, энг юқори кўрсаткич ишлаб чиқариш соҳасида — 13 фоиз, энг пасти ташиш хизматлари ходимларида — 10,2 фоиз бўлган, юқори даромадли аҳолида эса бу кўрсаткич 16,7 фоизга етган.

934 та мактаб капитал таъмирга муҳтож – вазир ўринбосари

Ўзбекистонда 934 та мактаб капитал таъмирга муҳтож бўлиб, улар 669 минг ўқувчига мўлжалланган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов маълум қилди. Унга кўра, ушбу мактаблар «қизил рўйхат»га киритилган бўлиб, жумладан, Қорақалпоғистонда 58 таси узоқ йиллардан бери тўлиқ таъмирланмаган. Шу билан бирга, мамлакатда 1900 дан ортиқ мактабда спорт ёки фаоллар зали йўқ.

Шунингдек, 263 та ҳудудда янги мактаб қуриш зарурлиги қайд этилди. Вазир ўринбосарига кўра, жорий йилда Ислом тараққиёт банки иштирокида 200 млн долларлик 58 та лойиҳа бошланади, уларнинг 15 таси бўйича тендерлар май ойигача эълон қилинади. Бундан ташқари, Осиё инфратузилма инвестиция банки билан ҳам 200 та мактаб бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid