Туркияда F-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учради

25.02.2026 | 10:551 daqiqa

Режали парвоз вақтида ҳарбий қирувчи қулаб тушиши оқибатида самолёт учувчиси ҳалок бўлди.

Туркияда F-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учради

Туркиянинг Баликесир вилоятида Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли F-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Маҳаллий OAV, жумладан «Yeni Akit» нашри хабарига кўра, авиаҳалокат 25 феврал куни содир бўлган.

Туркия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, 9-асосий авиабазага қарашли самолёт режали ўқув парвозини амалга ошираётган вақтда маҳаллий вақт билан соат 00:56 да радарлардан йўқолган. Шу вақтда учувчи билан алоқа ҳам узилган.

Қаерга қулади?

Қирувчи самолёт Баликесир вилоятидаги Наифли қишлоғи яқинида, Измир–Истанбул автомагистралининг бир қисмига қулаган. Ҳодиса оқибатида самолёт учувчиси ҳалок бўлган. Унинг шахсига оид маълумотлар очиқланмаган.

Ҳалокат сабабли йўлда ҳаракат вақтинча тўхтатилган. Воқеа жойига фавқулодда хизматлар ва қутқарув гуруҳлари зудлик билан жалб этилган. Мудофаа вазирлиги самолёт қолдиқлари топилганини тасдиқлаган.

Баликесир губернатори Исмоил Устаоғли марҳум учувчининг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.

F-16 Fighting Falcon дунёда энг кенг тарқалган жанговор самолётлардан бири ҳисобланади. У 25 дан ортиқ давлат, жумладан НАТОга аъзо мамлакатлар қуролли кучлари таркибида хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid