Учта банкда акциядорлар таркиби қайта тақсимланади

27.02.2026 | 14:552 daqiqa

Йирик банклар устав капиталидаги давлат улушлари бир ой ичида қайта тақсимланади.

Учта банкда акциядорлар таркиби қайта тақсимланади © © Foto: spot.uz

2026 йил 25 февралда қабул қилинган «Давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банклари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–74-сон қарор билан учта йирик банк — «O‘zsanoatqurilishbank», «O‘zmilliybank» ва АТ «Xalq banki» акциядорлари таркибида аниқ ўзгаришлар белгиланди.

Қарорга мувофиқ, «O‘zsanoatqurilishbank» устав капиталидаги 10 фоиз улуш дастлаб Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига номинал қийматда ўтказилади. Кейин ушбу улуш вазирлик томонидан Миллий инвестиция жамғармаси устав капиталига йўналтирилади.

Шунингдек, «O‘zmilliybank» устав капиталидаги Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли 10 фоиз акция пакети номинал қийматда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилади. Ҳозирда банк акцияларининг 40,75 фоизи вазирликка, 59,25 фоизи жамғармага тегишли.

«Xalq banki» устав капиталидаги Миллий инвестиция жамғармасига қарашли 30 фоиз акция пакети эса Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилади. Амалда банк акциядорлари таркибида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 66,02 фоиз, Миллий инвестиция жамғармаси 30 фоиз ва вазирлик 3,98 фоиз улушга эга.

Қарорга кўра, Жамғарма улуши мавжуд банкларда ҳисобланган дивидендларни банк ихтиёрида қолдиришни назарда тутувчи ҳужжатлар қабул қилиниши тақиқланади. Активлар билан боғлиқ қарорлар фақат Жамғарма билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга, тижорат банклари кузатув кенгашларида мустақил аъзолар улуши 50 фоизга етказилади, халқаро мутахассислар жалб этилади ва бошқарувда замонавий технологиялар жорий қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ банк ва йирик давлат корхоналари раҳбарларининг лавозимига мослиги текширилиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid