Украина дронлари «Роснефт»нинг йирик нефт заводини тўлиқ ишдан чиқарди
Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводига дронлар ҳужуми ортидан қувур ва ускуналар шикастланди, натижада корхона ишни тўлиқ тўхтатди.

Reuters агентлигининг маълумот беришича, украин дронлари 19 октябрга ўтар кечаси Россиянинг Самара областида жойлашган Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ)га кучли зарба берган. Ҳужум натижасида корхонада йирик ёнғин келиб чиққан ва ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ тўхтатилган.
Маълумотларга кўра, ёнғин заводнинг икки асосий қувватига — АВТ-11 ва АВТ-9 қурилмаларига жиддий шикаст етказган. Биринчи қурилма суткасига 18,9 минг тонна, иккинчиси эса 4,7 минг тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга бўлган. Ҳозир ҳар иккала ускуна фаолиятдан чиқарилган.
Новокуйбишевск НҚИЗ — «Роснефт» гуруҳига киради ва Россиядаги энг йирик қайта ишлаш объектларидан бири ҳисобланади. Корхона йилига 8,3 млн тонна нефт хомашёсини қайта ишлаш, шу жумладан 1 млн тонна бензин ва 1,5 млн тонна дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш салоҳиятига эга.
Reuters манбаларига кўра, заводдаги тиклаш ишлари жадал олиб борилаётган бўлса-да, ишлаб чиқаришни қайта тиклаш камида ноябр бошларигача кечикади. Бу вақт ичида Россиянинг ички нефт таъминоти ва ёқилғи логистикасида узилишлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Дрон ҳужуми Россия нефт саноатига навбатдаги зарба бўлди — сўнгги ойларда Украина энергия инфратузилмасини нишонга олиш амалиётини тобора кучайтирмоқда.





