Урушнинг экологик парадокси: ракета зарбалари ва саноат вайрон бўлиши Украина ҳавосини қандай ўзгартирди?
Тадқиқот ўқ отишлардан сўнг дарҳол ифлосланиш даражаси кескин ошганини қайд этган, бироқ олимлар илк қарашда ғалати туюладиган ҳолатни аниқлаган.

Украина Миллий фанлар академияси ва Украина гидрометеорология институти олимлари тадқиқот ўтказди. Унинг натижалари нуфузли халқаро «Environmental Science and Pollution Research» журналида эълон қилинди. Украина Миллий фанлар академияси «Facebook»даги саҳифасида хабар беришича, бу бутун мамлакат атмосферасига кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар таъсирини комплекс баҳолаган дунёдаги илк тадқиқотдир.
Ракета ҳужумлари: маҳаллий апокалипсис
Минглаб портлашлар таҳлилига асосланган тадқиқот ўқ отишлардан сўнг дарҳол ифлосланиш даражаси кескин ошганини қайд этди.
Ракета ва дронлар келиб тушган ҳудудларда заҳарли моддалар концентрацияси 100–400 фоизгача кўтарилган. Айрим ҳолатларда мониторинг датчиклари меъёрдан 1000 фоиздан ортиқ ошишни қайд этган.
Соғлиқ учун энг катта хавфни нафақат портлаш маҳсулотлари, балки кенг кўламли ёнғинлар оқибатлари ва блекаутлар пайтида дизел генераторлардан оммавий фойдаланиш ҳам келтириб чиқармоқда.
«Уруш парадокси»: ҳаво тозаландими?
Олимлар илк қарашда ғалати туюладиган ҳолатни аниқлади: узоқ муддатли истиқболда йирик шаҳарлар ва фронт чизиғи бўйлаб азот диоксиди (NO₂) умумий даражаси 10–30 фоизга пасайган. Бироқ мутахассислар экологик оптимизмга берилмасликка чақирмоқда.
«Бу экологик яхшиланиш эмас. Бу саноат гигантларининг вайрон бўлиши, иқтисодиёт тўхташи ва транспорт сони қисқаришининг бевосита оқибатидир», – дейилади Миллий фанлар академияси баёнотида.
Нега бу тадқиқот келажак учун муҳим?
«Sentinel-5 Precursor» сунъий йўлдоши ва ер усти станциялари орқали олинган маълумотлар нафақат илмий аҳамиятга эга. Улар урушнинг экологик оқибатларини ҳужжатлаштириш, халқаро компенсацияларни асослаш, урушдан кейинги тикланиш стратегиялари ва ҳаво сифати бошқарув тизимини модернизация қилишни шакллантириш учун асос бўлиши мумкин.





