Уй-жой бозори: Тошкентнинг қайси ҳудудларида кўчмас мулк нархи тезроқ ўсмоқда?

2026 йилнинг дастлабки беш ойида Тошкентда кўп қаватли уйлардаги хонадонлар нархи ўртача 3 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Олмазор ва Яккасарой туманларида қайд этилди.

Уй-жой бозори: Тошкентнинг қайси ҳудудларида кўчмас мулк нархи тезроқ ўсмоқда?

2026 йилнинг 1-июн ҳолатига кўра, кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг ўртача бозор нархи январ ойига нисбатан 3 фоизга қимматлашган. Бу ҳақда Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий марказининг Тошкент шаҳридаги электрон савдо платформалари орқали эълон қилинган кўчмас мулкларнинг ўртача бозор нархлари тўғрисидаги солиштирма маълумотида келтириб ўтилган.  

Қайси ҳудудларда нархлар энг кўп ўсган?

Таҳлилларга кўра, пойтахтда энг юқори ўсиш суръати Олмазор ва Яккасарой туманларида кузатилди: иккала туманда ҳам кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг 1 квадрат метри учун нархлар 5,2 фоизга ўсди. Кейинги энг юқори ўсиш Яшнобод туманида кузатилди. Ушбу ҳудудда квартираларнинг ўртача нархи бир квадрат метр учун 13,6 млн сўмдан 14,2 млн сўмгача кўтарилиб, 4,4 фоизлик ўсиш қайд этди.

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Бу ерда 1 квадрат метри учун нархлар 24 млн сўмдан 25 млн сўмгача ошиб, 4,2 фоизга қимматлашди.

Шу билан бирга, Бектемир туманида ҳам сезиларли ўсиш кузатилиб, 1 квадрат метри учун нархлар 10,9 млн сўмдан 11,3 млн сўмгача ёки 3,7 фоизга ошди. Чилонзорда 2,5 фоиз, Мирободда 2,2 фоиз, Мирзо Улуғбек туманида 2,1 фоиз ўсиш кузатилди. Юнусобод, Учтепа, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида квартиралар нархи деярли ўзгармади. Бу ҳудудларда беш ойлик ўсиш 1 фоизга ҳам етмаган.

Ҳовлилар энг кўп Мирободда қимматлашган

Тошкентда якка тартибдаги уй-жойлар сегментида ҳам нархлар ўсиши кузатилди. 2026 йил бошидан буён пойтахт бўйича ўртача нарх бир сотих учун нархлар 2,3 фоизга ошиб, 937,3 млн сўмдан 958,4 млн сўмгача кўтарилди.

Хусусан, Мирободда ҳовлилар нархи бир сотих учун 1,01 млрд сўмдан 1,08 млрд сўмгача ошиб, 6,6 фоизга қимматлашди. Кейинги ўринларда Яшнобод (6 фоиз), Учтепа (3,5 фоиз) ва Шайхонтоҳур (3,2 фоиз) туманлари қайд этилди. Сергели ва Янгиҳаёт туманлари эса ҳовлили уйларнинг ўртача нархи пасайиб, 3,1 фоизга арзонлашди.

Нотурар жойлар 

Нотурар объектларнинг ўртача нархи шаҳар бўйича квадрат метри учун 16,2 млн сўмдан 16,5 млн сўмгача ўсиб, 1,9 фоизлик ўсишни ташкил қилди. Энг юқори ўсиш Олмазор туманида қайд этилди. Бу ерда нотурар жойлар нархи 12,1 млн сўмдан 12,7 млн сўмгача кўтарилиб, 5 фоизга ошган. Кейинги ўринларда Сергели, Янгиҳаёт (4,3 фоиз), Учтепа (3,8 фоиз) ҳамда Чилонзор (3,7 фоиз) туманлари жойлашди. Фақат Бектемир туманида нотурар объектлар нархи пасайган бўлиб, квадрат метрнинг ўртача қиймати 8,4 млн сўмдан 8,3 млн сўмга тушган.

Энг қиммат кўчмас мулк қайси туманларда?

Нархлар кесимида қаралганда, Тошкентдаги энг қиммат квартиралар Шайхонтоҳур туманида жойлашган бўлиб, бу ерда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 25 млн сўмга етган.

Кейинги ўринларда Миробод (23,1 млн сўм), Яккасарой (20,4 млн сўм) ва Мирзо Улуғбек (19,5 млн сўм) туманлари турибди. Энг арзон квартиралар эса Бектемир (11,3 млн сўм), Сергели ва Янгиҳаёт туманларида (11,42 млн сўм) қайд этилди.

Ҳовлили уй-жойлар сегментида энг юқори нарх Мирзо Улуғбек туманида. Бу ерда бир сотих ер билан ҳисобланган уйнинг ўртача қиймати 1,71 млрд сўмни ташкил этади. Шунингдек, Яккасарой (1,64 млрд сўм), Юнусобод (1,44 млрд сўм) ва Миробод (1,08 млрд сўм) туманлари ҳам энг қиммат ҳудудлар қаторига кирган.

Энг арзон ҳовлили уйлар эса Бектемир туманида бўлиб, бир сотихнинг ўртача нархи 389,2 млн сўмни ташкил этган.

Нотурар жойлар бозорида ҳам Мирзо Улуғбек тумани етакчилик қилмоқда. У ерда тижорат кўчмас мулкининг ўртача нархи квадрат метри учун 24,4 млн сўмга тенг.

Кейинги ўринларда Миробод (22,6 млн сўм), Яккасарой (21,8 млн сўм) ва Юнусобод (19,7 млн сўм) туманлари жойлашган. 

Энг паст нарх эса Бектемир туманида кузатилиб, квадрат метрнинг ўртача қиймати 8,3 млн сўмни ташкил этди.

11

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида 2025 йилнинг декабрь ойи якунида 100 кв м (1 сотих) ер майдонининг нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,4 фоизга пастроқ бўлиб, 319 млн сўмни ташкил этганди.

Teglar

Ruxsora Jovliyeva

Ruxsora JovliyevaMaqolalar soni: 1096

Barchasi

Mavzuga oid