Уй-жой учун субсидия олиш: у кимларга ва қай тарзда берилади?
Ипотека кредити учун субсидия олиш учун ариза берувчи ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижасида камида 30 балл йиғиши шарт. Субсидия пули ҳеч қачон нақд шаклда қўлга берилмайди. Маблағ тўғридан тўғри хизмат кўрсатувчи ёки маҳсулот етказиб берувчи ташкилот ҳисобрақамига ўтказиб берилади.

Субсидия — бу давлат томонидан муайян мақсадлар учун жисмоний ёки юридик шахсларга ажратиладиган, қайтариб бериш талаб этилмайдиган молиявий ёрдамдир. Соддароқ айтганда, бу давлатнинг фуқаро ёки тадбиркорга ўз эҳтиёжини қондириш учун берадиган бепул маблағи. У кредитдан тубдан фарқ қилади: субсидия олувчига фоиз тўлаш ёки асосий суммани қайтариш мажбурияти юкланмайди. Уни фақатгина қатъий мақсадли йўналишда ишлатиш талаб этилади ва бу жараён давлат томонидан назорат қилинади.
Субсидиялар икки асосий мақсадга хизмат қилади: ижтимоий ҳимоя (кам таъминланган аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш) ва иқтисодий рағбатлантириш (тадбиркорликни бошлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш).
Муҳим жиҳати шундаки, субсидия пули ҳеч қачон нақд шаклда қўлга берилмайди. Маблағ тўғридан тўғри хизмат кўрсатувчи ёки маҳсулот етказиб берувчи ташкилот (масалан, қурувчи компания) ҳисобрақамига ўтказиб берилади.
Ипотека субсидияси шартлари
Ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун фуқаролар Вазирлар Маҳкамасининг 182-сонли қарорига асосан белгиланган ижтимоий мезонларга тўлиқ жавоб бериши керак. Бунинг учун баҳолаш натижасида камида 30 балл йиғиш шарт. Номзодлар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
• Ариза берувчи ёки унинг оиласи номида Ўзбекистон бўйлаб мулк ёки турар жой йўқлиги — 20 балл.
• «Labor-migration» дастурида рўйхатдан ўтган расмий меҳнат мигранти бўлиш — 10 балл.
• Олис ва чекка ҳудудларда ишловчи мутахассислар ёки тиббиёт ходимлари — 5 балл.
• Ёш оилалар ва 30 ёшгача бўлган ёшлар — 5 балл.
• Оғир ижтимоий аҳволдаги аёллар (бева, ажрашган ёки ёлғиз оналар) — 5 балл.
• «Тиббий ижтимоий экспертиза» тизимида рўйхатдан ўтган фуқаролар — 5 балл.
Аризачининг ушбу мезонларга мувофиқлиги электрон маълумотлар базалари орқали subsidiya.idm.uz тизими томонидан автоматик тарзда аниқланади.
Даромаднинг аниқ чегараси
Субсидия ажратилиши учун ариза берувчи ва унинг яқин қариндошларининг ўртача ойлик даромади қатъий белгиланган чегарада бўлиши талаб этилади:
• Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда —Меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) 2,7 бараваридан (3,4 млн сўм) 8 бараваригача (10,1 млн сўм).
• Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан (3,4 млн сўм) 9,2 бараваригача (11,6 млн сўм).
Агар даромад бундан кам ёки кўп бўлса, шунингдек, эр-хотиннинг номида мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлса, ариза қаноатлантирилмайди.
Тўлов қандай ҳисобланади?
Ипотека субсидияси фуқарога икки хил шаклда енгиллик беради:
• Бошланғич бадал учун: Ушбу маблағ ҳар йил учун қатъий белгиланган миқдорда ажратилади. Ҳозирги кунда бу қиймат 30 миллион сўм қилиб белгиланган ва 2026 йил учун ҳам оширилмаган.
• Фоизларни қоплаш учун: Кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисми давлат томонидан тўлаб берилади. 2025 йил ва ундан кейинги дастурлар доирасида эса Марказий банкнинг асосий ставкасидан (айни пайтда 14 фоиз) ошган қисмига субсидия берилади. Банк ставкалари Марказий банк ставкасига мутаносиб равишда ўзгаради.
Ариза қаерга топширилади?
18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар аризани бевосита Давлат хизматлари марказларига бориб ёки онлайн тарзда — myGov мобил иловаси ҳамда my.gov.uz портали орқали топширишлари мумкин. Ҳарбий тузилмалар ходимлари фақат Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилади.
Ариза беришда энг муҳим шартлардан бири: OneID тизими орқали иштирок этувчи банкларга кредит тарихингизни баҳолаш учун рухсат беришингиз керак. Кредит тарихини олишга чеклов ўрнатилган бўлса, ариза рад этилади. Сизнинг кредит тарихингиз камида битта иштирокчи банкнинг («Ipotekabank», SQB, «Xalq banki», «Hamkorbank», «Milliy bank» ва бошқалар) ички қоидаларига мос келиши шарт.
Қачон рад этилади?
Аризалар ваколатли органлар томонидан тўрт иш куни мобайнида кўриб чиқилади ва натижаси SMS орқали маълум қилилади. Субсидия қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:
• Маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаса ёки сохта бўлса;
• Илгари имтиёзли ипотека ва субсидия олган бўлса;
• Оилавий даромад белгиланган меъёрдан паст ёки юқори бўлса;
• Жорий йил учун ҳудудга ажратилган квота (субсидия сони) тугаган бўлса.
Бошқа сабаблар билан рад этишга йўл қўйилмайди ва ариза рад этилгач, фуқаро қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Субсидиялар сони чеклангани сабабли, ариза биринчи топширганларга устунлик берилади.





