Хитой компаниялари Тожикистонга 8 млрд доллардан ортиқ, ОИИБ эса 800 млн доллар сармоя киритмоқчи
Тегишли ҳужжатлар Имомали Раҳмоннинг Хитойга давлат ташрифи давомида имзоланди.
© Tojikiston prezidenti matbuot xizmatiТожикистон президенти Имомали раҳмон Пекинда Осиё инфратузилма инвестиция банки (ОИИБ) президенти Зоу Жиайи билан учрашди. Музокаралар якунлари бўйича томонлар узоқ муддатли инвестиция режасини имзолади. Унга кўра, банк лойиҳаларни амалга ошириш учун 800 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтиришни режалаштирмоқда, деб ёзди «Asia plus».
Учрашувда Тожикистон ва Осиё инфратузилма инвестиция банки ўртасидаги амалдаги ҳамкорлик ҳамда шерикликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Раҳмон банкнинг мамлакатдаги инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишдаги ҳиссасини юқори баҳолаб, Тожикистоннинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаётгани учун раҳбариятга миннатдорлик билдирди. Томонлар энергетика, транспорт ва йўл қурилиши, сув таъминоти, рақамли ва «яшил» технологиялар, шунингдек қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди.
Тожикистон томони маълумотига кўра, ҳозир мамлакатда Осиё инфратузилма инвестиция банки иштирокида бир қатор йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларни молиялаштиришнинг умумий ҳажми 400 миллион долларни ташкил этади.
Осиё инфратузилма инвестиция банки – инфратузилма лойиҳалари ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган халқаро молиявий институт ҳисобланади.
Тожикистондаги Хитой сармоялари
Шу куни Имомали Раҳмон хитойлик компаниялар раҳбарлари ва вакиллари билан ҳам учрашди. Унда у мамлакатнинг инвестиция имкониятларини тақдим этиб, Хитой бизнесини Тожикистондаги лойиҳаларда фаолроқ иштирок этишга чақирди.
Тожикистон ва Хитой компаниялари ўртасидаги учрашув ва музокаралар якунлари бўйича 50 дан ортиқ ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди. Улар Тожикистонга 8 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилишга қаратилган.
Келишувларнинг бир қисми Тожик-хитой рақамли бизнес алоқаси форуми доирасида келишиб олинган. Икки мамлакат бизнес доиралари олдидаги нутқида Имомали Раҳмон мамлакатдаги қулай иқтисодий муҳит, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари ҳамда Тожикистон ва Хитой ишбилармон доиралари ўртасидаги савдо-инвестиция ҳамкорлиги истиқболлари ҳақида гапирди. У Хитойни Тожикистоннинг ишончли ва асосий ҳамкори деб атади.
Президент сўзларига кўра, Хитой инвестицияларининг Тожикистон иқтисодиётига умумий ҳажми қарийб 6 миллиард долларга етган. Шундан тахминан 3,5 миллиард доллари тўғридан тўғри инвестициялар ҳиссасига тўғри келади.
Шу билан бирга, ўтган йили мамлакат иқтисодиётига қарийб 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлиб, унинг 900 миллион доллари ёки 12,5 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган. Имомали Раҳмон, шунингдек, ҳозир Тожикистонда умумий қиймати тахминан 13 миллиард доллар бўлган 300 дан ортиқ давлат инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётганини айтди.
Уларнинг кўпчилигида хитойлик компаниялар пудратчи сифатида иштирок этмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда.
Имкониятлар ва шароитлар
Имомали Раҳмон инвестицияларни жалб қилишга қаратилган иқтисодий ва таркибий ислоҳотларга алоҳида тўхталди. Жумладан, у ўтган йили Тожикистонда «Инвестициялар ва инвестиция фаолиятини рағбатлантириш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинганини эслатди. Президент сўзларига кўра, ҳужжат инвесторларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмлари, капитални ҳимоя қилиш бўйича қўшимча ҳуқуқий кафолатлар, маъмурий жараёнларни соддалаштириш ва давлат ҳамда хусусий сектор ўртасидаги шерикликни ривожлантиришни назарда тутади.
Имомали Раҳмон Тожикистоннинг афзалликлари сифатида мамлакатнинг қулай географик жойлашуви, транспорт ва энергетика лойиҳаларининг амалга оширилаётгани, шунингдек, Хитой ва Жанубий Осиё давлатларини Яқин Шарқ билан боғлаши мумкин бўлган янги транспорт йўлаклари шаклланаётганини қайд этди.
Давлат раҳбари Тожикистон катта гидроэнергетик салоҳиятга эга эканини ва бу кўрсаткич бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллашини ҳам таъкидлади. Шунингдек, мамлакатда олтин, кумуш, мис, литий, сурма, рух ва волфрам каби фойдали қазилмалар захиралари аниқлангани айтилди.
Хитой компанияларига саноат, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, металлургия, кимё ва фармацевтика саноати, енгил саноат, агросаноат мажмуаси, логистика, рақамлаштириш, сунъий интеллект, «яшил» иқтисодиёт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари тақдим этилди.
Президент қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кейинчалик экспорт қилиш учун логистика марказлари ва қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш зарурлигини ҳам қайд этди. Шунингдек, мамлакатдаги бешта эркин иқтисодий зонанинг имкониятлари алоҳида таништирилди.
Президент нутқидан сўнг учрашувда Хитой савдо вазири Ванг Вентао, Хитой халқаро савдони ривожлантириш кенгаши раиси Рен Ҳонгбин ҳамда йирик хитой компаниялари вакиллари сўзга чиқди. Имомали Раҳмон 11-майдан буён Хитойда тўрт кунлик давлат ташрифи билан бўлиб турибди.





