Хитой компанияси қурадиган пулли йўл, Тошкентга 3,5 млрд долларлик инвестиция ва бир кунлик расмий иш — 28-май дайжести

Kecha 23:003 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Хитой компанияси қурадиган пулли йўл, Тошкентга 3,5 млрд долларлик инвестиция ва бир кунлик расмий иш — 28-май дайжести

Тошкент–Самарқанд пуллик йўли тендерида Хитой компанияси ғолиб бўлди

Тошкент–Самарқанд ўртасида қуриладиган 282 километрлик янги пуллик автомагистрал лойиҳаси бўйича 2,18 млрд долларлик тендерда Хитой компанияси ғолиб деб топилди. Айни пайтда шартнома имзолаш ҳамда қурилиш ишларини бошлаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Қурилиш ишларини 2026 йил июл ойида бошлаш режалаштирилган.

Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раиси Алишер Мирсоатов лойиҳа қиймати тахминан 2,185 млрд доллар эканини маълум қилди. Лойиҳани молиялаштириш тўрт босқичда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, маблағларнинг асосий қисми хорижий кредитлар ҳисобидан қопланади. Молиялаштириш жараёнига Хитой тараққиёт банки, Хитой экспорт-импорт банки ва Хитой коммуникациялар банки каби молия институтларини жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, қурилиш ишларининг узлуксизлигини таъминлаш учун 1 йил муддатга 200 млн долларлик «бриж-кредит» олиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Тошкент учун 3,5 млрд долларлик инвестиция ва экспорт келишувлари имзоланди

Хитойнинг Сиан шаҳрида Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Форум якунида пойтахт учун умумий қиймати 3,5 млрд доллардан ортиқ инвестиция ва экспорт шартномаларига эришилган. Шундан 3 млрд 350 млн доллари инвестиция лойиҳаларига, 156 млн доллари эса экспорт битимларига тўғри келади.

Ташаббусларнинг асосий мақсади Тошкентни аҳоли ва меҳмонлар учун янада қулай, хавфсиз ва замонавий шаҳарга айлантиришдан иборат. Шу мақсадда транспорт тизими, жамоат жойлари, автотураргоҳлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда экологик ечимларни ривожлантириш режалаштирилган. Лойиҳалар EPC+F модели асосида амалга оширилиши белгиланган. Бунда молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ва давлат кафолатларисиз, хитойлик ҳамкорлар томонидан жалб қилинади. Харажатлар эса кейинчалик шаҳар бюджети учун яратиладиган янги даромад манбалари ҳисобидан босқичма-босқич қопланиши кўзда тутилган.

Кафе ва ресторанларда бир кунлик расмий ишга қабул қилиш жорий этилади

Президентнинг «Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармонига кўра, ресторан ва умумий овқатланиш соҳасида ходимларни қисқа муддатга — ҳатто бир кунлик ёки бир ҳафталик асосда ҳам расман ишга қабул қилиш имкони яратилади.

Янги тизим орқали ходимни ишга қабул қилиш ва унга иш ҳақи тўлаш жараёни шу куннинг ўзида амалга оширилади. Бу айниқса кунлик ёки қисқа муддатли ишчилардан фойдаланадиган кафе, ресторан, туризм ва меҳмонхона бизнеси учун қулайлик яратади.

Алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга рухсат берилди

Ўзбекистонда 1 июндан меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналарида алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга рухсат берилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб, алкогол маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкогол маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар бирлаштирилади ва унинг ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида белгиланади.

Айрим докторантларнинг стипендияси 1,7 баробарга оширилади

Президентнинг «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган докторнтурада дифференциал стипендия тизими жорий этилади. Унга кўра, устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга базавий стипендиянинг 1,7 баробари миқдорида тўланади.

Шунингдек, мазкур йўналишларда таҳсил олаётган изланувчиларнинг тадқиқот ишлари учун ҳар ой базавий стипендиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ ажратилади. Бу маблағ асбоб-ускуна ва илмий фаолият учун зарур товарлар харидига йўналтирилади.

Teglar

Mavzuga oid