Айрим докторантларнинг стипендияси 1,7 баробарга оширилади

Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан устувор илмий йўналишларда таҳсил оладиган докторантлар учун оширилган стипендия ва қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади.

Айрим докторантларнинг стипендияси 1,7 баробарга оширилади © finance.yahoo.com

Президентнинг «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган докторнтурада дифференциал стипендия тизими жорий этилади. Унга кўра, устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга базавий стипендиянинг 1,7 баробари миқдорида тўланади.

Шунингдек, мазкур йўналишларда таҳсил олаётган изланувчиларнинг тадқиқот ишлари учун ҳар ой базавий стипендиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ ажратилади. Бу маблағ асбоб-ускуна ва илмий фаолият учун зарур товарлар харидига йўналтирилади.

Докторнтурага қабул квотаси

Фармонга мувофиқ, докторнтурага умумий қабул квотасининг камида 60 фоизи устувор илмий соҳаларга ажратилади. Энди мазкур йўналишларга қабул кириш имтиҳони орқали эмас, балки илмий тадқиқот иши тақдимоти асосида амалга оширилади. Тақдимот талабларини олий таълим ёки илмий ташкилот мустақил белгилайди.

Ўқув машғулотлари

Таянч докторнтуранинг биринчи йилида илмий тадқиқот методологияси, академик ёзиш, статистика ва маълумотлар таҳлили бўйича махсус ўқув машғулотлари ташкил этилади. Илмий раҳбарларга ҳам қўшимча талаблар қўйилиб, улар докторант ихтисослигига мос соҳада илмий тадқиқот тажрибасига эга бўлиши шарт қилиб белгиланди.

Шу билан бирга, миллий сертификатга эга талабгорларни мутахассислик фани бўйича имтиҳондан озод этиш тартиби бекор қилинади. 2027 йилги қабулдан бошлаб эса илмий раҳбарларга ойлик ҳақ ўрнига бир марталик рағбатлантирувчи тўлов берилади. Унинг миқдори Хирш индексига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 40 баробаридан 80 баробаригача этиб белгиланади.

Аввалроқ Илмий фаолиятни соддалаштириш, тадқиқотчилар учун қулай муҳит яратиш ва илмий салоҳиятни ошириш мақсадида 2027 йилдан бошлаб диссертация ҳимояси ва илмий даража бериш жараёнидаги бир қатор ортиқча бюрократик талаблар бекор қилиниши ҳақида маълум қилган эдик.

Теглар

Мавзуга оид