Кафе ва ресторанларда бир кунлик расмий ишга қабул қилиш жорий этилади

Бугун 16:441 дақиқа

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан бошлаб кафе, ресторан ва умумий овқатланиш соҳасида ходимларни қисқа муддатга — ҳатто бир кунлик ёки бир ҳафталик асосда ҳам расман ишга қабул қилиш имкони яратилади.

Кафе ва ресторанларда бир кунлик расмий ишга қабул қилиш жорий этилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Президентнинг «Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармонига кўра, умумий овқатланиш хизматлари соҳасидаги тадбиркорлар айрим тоифадаги ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган тартибда расмийлаштира олади.

Қисқа муддатли ишга маош тўлаш тартиби

Янги тизим орқали ходимни ишга қабул қилиш ва унга иш ҳақи тўлаш жараёни шу куннинг ўзида амалга оширилади. Бу айниқса кунлик ёки қисқа муддатли ишчилардан фойдаланадиган кафе, ресторан, туризм ва меҳмонхона бизнеси учун қулайлик яратади.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг маълум қилишича, мазкур тартиб соҳадаги реал меҳнат муносабатларига мослаштирилган. Унинг айтишича, кўплаб умумий овқатланиш ва туризм объектларида ходимлар қисқа муддатга жалб қилиниши сабабли амалдаги қоидалар тадбиркорларга қийинчилик туғдираётган эди.

Бу масала 21 апрел куни умумий овқатланиш ва гастрономия соҳаси тадбиркорлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳам кўтарилган. Тадбиркорлар амалдаги меҳнат қонунчилиги соҳанинг ўзига хос хусусиятларига тўлиқ мос келмаётганини билдирган.

Аввал амалда бўлган тартибга кўра, давлат ташкилотлари ва хусусий бизнес учун ишга қабул қилиш ҳамда ишдан бўшатиш қоидалари бир хил эди. Янги ўзгаришлар эса меҳнат бозоридаги мавсумий ва қисқа муддатли иш шаклларини қонуний тартибга солишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид