ЯИМ ҳажми бўйича етакчи ҳудудлар маълум қилинди
2026 йил январ–март ойларида Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 8,7 фоизга ўсиб, 447,9 трлн сўмга етди.
© assinews.itЎзбекистон Республикасида 2026 йилнинг январ–март ойлари якунларига кўра ялпи ички маҳсулот ҳажми 447,9 трлн сўмни ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси тақдим этган маълумотларга кўра, иқтисодиётнинг реал ўсиш суръати 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 8,7 фоизни ташкил қилди.
Ҳудудлар кесимида кўрсаткич
Ҳудудлар кесимида ялпи ҳудудий маҳсулот тақсимоти иқтисодий фаолликдаги тафовутларни яққол намоён қилди. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилди — 94,5 трлн сўм. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 13 фоизга ўсган бўлиб, пойтахт иқтисодиётининг хизматлар ва молия соҳалари ҳисобига жадал ривожланаётганини кўрсатади.
Иккинчи ўринда Навоий вилояти 52,6 трлн сўмлик ЯИМ билан қайд этилди. Бу ҳудудда саноат ва кончилик тармоқлари устувор аҳамият касб этади. Учинчи ўринни Тошкент вилояти эгаллаб, бу ерда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 43,2 трлн сўмни ташкил қилди ва 7,6 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти (27,6 трлн сўм, 9,6%), Фарғона вилояти (24,4 трлн сўм, 10,4%) ва Андижон вилояти (22,7 трлн сўм, 8,6%) жойлашган. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида ЯҲМ 19,5 трлн сўмни ташкил этиб, 7,7 фоизга ўсган бўлса, Бухоро вилоятида бу кўрсаткич 18,2 трлн сўм ва 9,6 фоизни ташкил этди.
Наманган вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 17,4 трлн сўмга етган ва 8,8 фоиз ўсиш қайд этилган. Хоразм вилояти 14,3 трлн сўм ва 10,6 фоизлик ўсиш билан ажралиб турди. Сурхондарё вилоятида эса 13,4 трлн сўм ва 9,1 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Қорақалпоғистон Республикасида ЯҲМ ҳажми 12,5 трлн сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 12,9 фоизга етди. Жиззах вилоятида бу кўрсаткич 11,1 трлн сўм ва 7,7 фоизни ташкил этган бўлса, Сирдарё вилоятида 7,8 трлн сўм ва 8,8 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Сўнгги беш йиллик динамика
ЯИМ динамикасига назар ташланса, сўнгги йилларда барқарор ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, 2022 йил январ–март ойларида 186,7 трлн сўм бўлган кўрсаткич 2023 йилда 228,9 трлн сўмга, 2024 йилда 276,9 трлн сўмга, 2025 йилда эса 372,8 трлн сўмга етган. 2026 йилда эса бу кўрсаткич 447,9 трлн сўмга чиқиб, иқтисодий ўсишнинг изчил давом этаётганини кўрсатмоқда.





