add

«Yandex»га бойкот: такси ҳайдовчилари нимадан норози?

11.12.2025 | 17:186 daqiqa

Yandex таксичилари орасида 15 декабр куни иш ташлашга чақириқлар ортмоқда. Норозилик акциясига қандай омиллар туртки бўлгани, тарифлар ва комиссия сиёсатида нималар ҳайдовчиларни қийнатаётгани ҳақида турли хавотирлар пайдо бўлмоқда.

«Yandex»га бойкот: такси ҳайдовчилари нимадан норози?

Ижтимоий тармоқларда 15 декабр куни ҳайдовчилар томонидан оммавий равишда Yandex такси хизматига бойкот эълон қилиш ҳақидаги чақириқлар кенг тарқалди. Ҳаракат дастлаб Россиядаги такси ҳайдовчилари орасида бошланиб, кейинчалик Ўзбекистон ҳайдовчилари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

 

Нега ҳайдовчилар норози?

Россиядаги Yandex такси ҳайдовчиларидан бири 15 декабр куни ишга чиқмасдан, уйда қолиб, компанияга бойкот эълон қилишини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, асосий норозилик тариф сиёсатининг адолатсизлиги — босиб ўтилган масофага нисбатан тўланадиган ҳақнинг реал харажатларга мос келмаслиги.

Россиялик ҳайдовчиларидан бири видеомурожаатида шундай дейди:

«Инфляция ошиб, барча нарса қимматлашган — машина, бензин, хизмат кўрсатиш харажатлари оғирлашган. Биз ҳам шундай шароитда арзимаган пул билан кун кўряпмиз, чунки бизга тўланадиган ҳақ ҳам мана шунча. Сабаби — Yandex’нинг ҳаддан ошган сиёсати».

15 декабр куни Россиянинг кўпгина ҳудудларида ҳайдовчилар оммавий иш ташлашни режалаштирмоқда. Мен ҳам ўша куни уйда қолиб, бир неча телефон орқали Yandex таксига узлуксиз буюртма бераман. Аккаунтларим блоклангунча давом этаман. Буюртмани ким қабул қилса, дарҳол бекор қиламан. Айрим ҳайдовчилар эса белгилаб олинган жойларда туриб, такси чақириш ва келган ҳайдовчиларни вазиятдан огоҳ қилишни муҳокама қилмоқда. Чунки бошқача усул билан муаммони етказиш қийин бўлиб қолган».

Сўнгги уч ҳафта ичида Россияда Yandex такси фаолиятига нисбатан норозилик кескин кучайди. Ҳайдовчилар аввало компаниянинг тариф сиёсатини асосий муаммо сифатида кўрсатмоқда. Уларнинг айтишича, аввалги йилларда ҳам даромад барқарор бўлмаган, аммо ҳозирги шароит янада оғирлашган: коеффициентлар кам қўлланмоқда, буюртмалар сони кўп бўлишига қарамай, тарифлар иқтисодий жиҳатдан манфаатли даражада эмас.

Норозилик кучайишининг яна бир сабаби — байрам мавсуми яқинлашгани. Янги йил арафасида харажатлар ортиши туфайли кўплаб ҳайдовчилар қўшимча даромад изламоқда. Аммо улар таъкидлашича, охир-оқибат даромад асосан Yandex’нинг ўзига тушмоқда, ҳайдовчилар эса минимал тарифлар билан чекланиб қолмоқда. Бу фикр нафақат алоҳида ҳайдовчиларда, балки бутун соҳада шаклланган кайфиятдир.

Мавжуд вазият ортидан соҳа ташкилотлари ҳам муносабат билдиришни бошлади. Россияда таксимотор соҳаси ривожланишига кўмаклашувчи Ассоциация 15 декабр куни Yandex хизматига чиқмайдиган ҳайдовчиларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ташкилот аъзолари бўлган ҳайдовчилар ҳам шу куни ишга чиқмасликка келишиб олган.

Мазкур норозиликни кучайтирган яна бир омил — Yandex раҳбарларидан бирининг аввалги интервюси. Унда компания вакили тарифларнинг ошмаслигига ҳайдовчиларнинг ўзи сабаб эканини таъкидлаган. Унга кўра, ҳайдовчилар паст нархларга рози бўлаётган экан, бозор механизми айнан шу нархни қабул қилади ва тарифларни оширишга асос қолмайди. Бу баёнот ҳайдовчилар орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. 

Уларнинг фикрича, агрегаторнинг бундай позицияси ҳайдовчиларни тизимли равишда паст даромадга мажбур қилмоқда. Натижада, 15 декабрга режалаштирилган иш ташлаш акцияси нафақат иқтисодий норозилик, балки соҳани ислоҳ қилишга бўлган талаб сифатида ҳам кўрилмоқда.

Ўзбекистонда нима гап?

Россиядаги вазият фонида, Ўзбекистонда ҳам Yandex атрофида норозилик кайфияти кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Маҳаллий блогерлар ҳам бу борада ўз фикрларини билдирмоқда. Уларнинг бири сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда қуйидагича мурожаат билан чиққан:

«Instagram’да кўпчилик кўрган бўлса керак, 15 декабр куни Yandex’га бойкот эълон қилинаётгани айтиламоқда. Бир кун ишламай туришнинг ўзи сезиларли ўзгариш бериши мумкин. Ҳозир комиссия 18,8 фоиз. Бундан ташқари, солиқ масаласида ҳам ноаниқликлар кўп: солиқ идорасига мурожаат қилсангиз, «Yandex ушлаб қолган», дейди, Yandex’га қўнғироқ қилсангиз, «солиқ ушлаб қолган», дейди — масъулият бир-бирига ўтказилмоқда. Шу сабаб 15 декабр куни Yandex’га бойкот бўлиши ҳақида гаплар айтиламоқда.  Агар бир-икки кун давомида бошқа хизматлар — Uklon, MyTaxi, Millennium орқали ишланса, реал ўзгаришлар юз бериши мумкин. Кеча Yandex бозордан чекинди-ю, ўрнига янги хизмат кириб келгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, Wildberries такси Ўзбекистонда иш бошламоқда ва ҳайдовчиларга анча қулай шартлар таклиф қилиши мумкин. Рақобатнинг пайдо бўлгани яхши, чунки Yandex’нинг сўнгги пайтлардаги сиёсати ҳайдовчиларда жиддий норозилик уйғотган. Барибир бозор шароитида хизмат кўрсатувчи компаниялар ҳам ўзини тартибга солиши керак».

Автоблогернинг таъкидлашича, сўнгги ойларда Yandex’нинг комиссия сиёсати, тарифлар баланси ва солиқ билан боғлиқ чалкашликлар ҳайдовчилар ўртасида кескин мунозараларга сабаб бўлган. Унинг фикрича, бозорда кучли рақобат пайдо бўлса, компаниялар ҳайдовчилар манфаатларини кўпроқ инобат олишга мажбур бўлади.

Шу билан бирга, бошқа блогерлар орасида бойкот натижа бериш-бермаслиги борасида турлича фикрлар мавжуд. Баъзилар фикрича, Ўзбекистонда Yandex’га қарши умумий норозилик кучайса ҳам, ҳамма ҳайдовчилар бир вақтнинг ўзида ишга чиқмай қолиши қийин. Уларнинг айтишича, кимдир барибир тирикчилик учун ишлашда давом этади ва бу ҳолат бойкотнинг таъсирини пасайтириши мумкин.  

Блогерлардан бири шундай деб мурожаат қилмоқда:

«Yandex бўйича Instagram’да кечадан бери жуда кўп видео чиқяпти — ҳамма 15 декабр куни бойкот қиламиз, деяпти. Лекин реал ҳаётда ҳамма бирдек ишга чиқмай қолмайди. Ишлайдиганлар бўлади ва улар кам эмас. Агар 40–50 минг ҳайдовчи чиқмай қўйса ҳам, ишлаётганлар кўпроқ даромад қилади, биз уларга коэффициентни кўтариб берган бўламиз, холос. Мен Yandex’ни ҳеч қачон ҳимоя қилмаганман. Иккинчи манзил очиш масаласи, тарифлар сиёсати, рейтинг тизими — ҳаммаси ҳайдовчига қарши ишлайди».

Блогернинг фикрича, Ўзбекистонда бойкотнинг ўтиши имконияти юқорироқ, чунки бозорда альтернатив хизматлар етарли:

«Бизда Uklon бор, Royal Taxi бор, бошқа хизматлар бор. Ҳар бир вилоятда ўзининг маҳаллий такси компаниялари мавжуд. Бир-икки кун давомида шу хизматларда ишлаб туриш имконияти бор. Россияда эса вазият бошқача — Yandex ўз рақобатчиларининг аксариятини сотиб олган. Бошқа компания буюртмалари ҳам Yandex тизимига йўналтирилади. Шунинг учун у ерда бойкот қилиш анча қийин».

Блогер 15 декабр куни ўзи ҳам бойкотда қатнашишини айтган бўлса-да, умумий натижа борасида шубҳасини яширмаган: 

«15 декабр куни мен ҳам ишламайман, бойкот қиламан. Лекин барибир натижа қандай бўлишини айтиш қийин. Балки фойдаси кам бўлади, балки жиддий ўзгариш бўлар — вақт кўрсатади. Худо хоҳласа, ҳаммаси шу кунда билинади».

 

Тарифлар ошса, истеъмолчи манфаатини ким ҳимоя қилади?

Ҳайдовчилар томонидан кўтарилаётган асосий талаб — тарифларни ошириш ёки комиссия юкини камайтириш. Аммо бу жараённинг иккинчи томони ҳам бор: агар нархлар кескин оширилса, бу сафар оддий йўловчилар манфаатига қандай таъсир қилади? Жамоатчилик орасида айнан шу савол олдинга чиқади.

yandex boycott 01

Ҳозирги тарифлар мисолида ҳам муаммо аниқ кўринади. Масалан, 8 км масофа учун carpool хизмати 60 минг сўм, start тарифи 70 минг сўм, comfort эса 77 минг 500 сўмни ташкил этмоқда. Агар тизим босим остида тарифларни қайта кўриб чиқиб, уларни яна оширса, бу аввало йўловчилар учун жиддий харажатлар кўпайишига олиб келади. Инфляция, ёқилғи нархларининг кўтарилиши ва транспортга бўлган талаб юқори эканини ҳисобга олганда, тарифлардаги ҳар қандай ўзгариш аҳолининг кенг қатламига таъсир қилиши аниқ. 

Бу эса бозор олдига мураккаб саволни қўяди: ҳайдовчи манфаатлари ва йўловчи қулайлиги ўртасида қандай мувозанат топилади? Тарафлардан бирининг босими билан нархлар кескин ўзгартирилса, бу тизимнинг бошқа қисмини издан чиқариши мумкин. Рақобат кучайиб бораётган бир пайтда, хизмат кўрсатувчи платформалар учун нарх сиёсатини қайта кўриб чиқиш жараёни жуда эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши талаб этилади.

15 декабр куни режалаштирилаётган бойкот ортида ягона сабаб йўқ — бу йиллар давомида тўпланиб келган тариф сиёсати, комиссия, солиқ ва очиқлик масалалари юзасидан вужудга келган норозиликнинг ёрқин ифодасидир. Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳайдовчиларнинг талаби бир хил: меҳнатга муносиб ҳақ, аниқ қоидалар ва адолатли бозор. Воқеалар ривожи 15 декабрда қандай бўлишини вақт кўрсатади, аммо бу муаммоларни жиддий муҳокама қилиш зарурати кун тартибига мутлақо чиқиб бўлган.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 37

Barchasi

Mavzuga oid