Яқин Шарқдан ватанга қайтарилган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди

05.03.2026 | 10:252 daqiqa

Форс кўрфази давлатларида қолиб кетган юртдошларни Ватанга қайтариш учун махсус рейслар амалга оширилмоқда.

Яқин Шарқдан ватанга қайтарилган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди

Яқин Шарқдаги вазият туфайли бир қатор давлатларда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтариш бўйича махсус эвакуация ишлари амалга оширилди. Натижада 5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мамлакатга олиб келинди.

Авиарейслар кечиктирилган фуқаролар

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, 28 февралдан 2 мартгача бўлган даврда Қувайт, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларидан 1681 нафар Ўзбекистон фуқароси режалаштирилган авиарейслар билан учиб кетиш имконига эга бўлмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Форс кўрфази давлатларида қолиб кетган фуқароларни Ватанга қайтариш мақсадида махсус режа ишлаб чиқилди. Ушбу режа Транспорт вазирлиги томонидан резидент ҳамда хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Маълум қилинишича, ҳозирга қадар мамлакатимиз авиакомпаниялари томонидан Саудия Арабистонининг Мадина ва Жидда шаҳарларидан 21 та махсус рейс ташкил этилган. Ушбу рейслар орқали 4948 нафар йўловчи Ўзбекистонга қайтарилди.

Дубай шаҳридан амалга оширилган авиарейс

Шунингдек, Дубай шаҳридан ҳам қўшимча авиарейс амалга оширилиб, унда 235 нафар фуқаро мамлакатга олиб келинган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, зарур ҳолларда қўшимча рейслар ташкил этилиши мумкин.

Фуқароларга тезкор ахборот ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида «Ўзавиация» агентлиги томонидан колл-марказ 24 соатлик тартибда ишламоқда. Мурожаатлар +998 (78) 120-00-72 ва +998 (71) 200-07-65 телефон рақамлари орқали қабул қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Дубай ўртасидаги авиақатновлар 2026-йил 4-мартдан бошлаб босқичма-босқич қайта тикланди. Маълумотга кўра, рейслар «Uzbekistan Airways», «CentrumAir» ва «Qanot Sharq» авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади. Бироқ, бу рейслар Дубайга одам олиб бормайди. Фақат Бирлашган Араб Амирликларида вақтинча бўлиб турган ўзбекистонликларни олиб чиқиш учун мўлжалланган.

Teglar

Mavzuga oid