Ярим аср ичида илк марта «NASA» тўрт нафар астронавтни Ойга жўнатади
Миссия тахминан ўн кун давом этади. Экипаж Ой юзасига қўнмасдан, унинг атрофида айланиб чиқади ва кейин Ерга қайтиб келади.

Миллий Аэронавтика ва Фазо Бошқармаси (NASA) 1 апрел куни тўрт нафар астронавтни Ой орбитаси бўйлаб парвозга жўнатишга тайёрлигини эълон қилди. Техник муаммолар бартараф этилгач, Ер йўлдошига ярим аср ичида биринчи марта амалга ошириладиган бошқариладиган парвоз санаси тасдиқланди. Бу ҳақда «The New York Times» нашри хабар берди.
«Artemis II» миссияси тахминан ўн кун давом этади: экипаж Ой сиртига қўнмаган ҳолда уни айланиб ўтиб, Ерга қайтади. Парвоз «Space Launch System» ракетаси ёрдамида амалга оширилади. Экипаж таркибидан командир Рид Уайзман, учувчи Виктор Гловер, шунингдек, мутахассислар Кристина Кох ва Жереми Хансен жой олган.
Апрел ойидаги парвозга феврал ойида аниқланган водород сизиб чиқиши ва гелий етказиб беришдаги муаммолар бартараф этилганидан сўнг имкон туғилди. Муҳандислар носоз зичлагични алмаштириб, якуний текширувлар учун ракетани йиғиш цехига қайтардилар.
Дастур менежери Шон Куинннинг сўзларига кўра, ракетани учириш майдонига олиб чиқиш 19 мартга режалаштирилган.
Парвоз ойнаси олтита эҳтимолий санани ўз ичига олади: 1 апрелдан 6 апрелгача. Агентлик вакиллари «Artemis II» синов парвози эканини ва шу сабабли маълум бир хавф-хатарлар мавжудлигини таъкидламоқда.
«Artemis» («Артемида») дастури 1972-йилда якунланган «Apollo» («Аполлон») миссияларининг давомчиси ҳисобланади. Олдинги босқич — «Artemis I» 2022-йил охирида учувчисиз режимда бўлиб ўтган эди. Навбатдаги қадам эса 2028-йилда Ойнинг Жанубий қутби ҳудудига икки астронавтни тушириш режалаштирилган «Artemis III» миссиясидир.





