Европа Иттифоқи «Google»га рекорд миқдорда жарима тайёрламоқда
Шунингдек, Москва Арбитраж суди 2025 йил баҳорида «Google»дан 91,5 квинтиллион рубл, тахминан 1,2 квинтиллион доллар ундириш тўғрисида қарор чиқарган эди.
© Reuters«Google» Европа Иттифоқининг навбатдаги жиддий босимига дуч келди. Регуляторлар компанияни «Рақамли бозорлар тўғрисидаги қонун» талабларини бузганликда айбламоқда. Асосий эътироз «Google» қидирув натижаларида ўз хизматларига устунлик бераётгани билан боғлиқ.
Германиянинг «Handelsblatt» нашри регулятордаги манбаларига таяниб хабар беришича, Европа Комиссияси компанияга нисбатан бир неча юз миллион евро миқдорида жарима қўллаш арафасида турибди.
Текширув сабаблари
Европа Комиссияси ушбу текширувни 2025 йил март ойида бошлаган эди. Бунга бозор иштирокчилари томонидан билдирилган шикоятлар асос бўлган. Улар «Google» қидирув тизими рақобат муҳитини чеклаб қўяётганини таъкидлаган.
Шикоятларга кўра, компания ўзининг сервислари ва платформаларини қидирув натижаларида юқорироқ кўрсатиш орқали бошқа иштирокчилар учун тенг имкониятларни чеклаётган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Европа Комиссияси жариманинг асосий мақсади маблағ йиғиш эмаслигини таъкидламоқда. Идора учун асосий вазифа бозор қоидаларининг амалда ишлашини таъминлаш ҳисобланади.
«Google» нима дейди?
«Google» келишмовчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилаётганини маълум қилган эди, бироқ Европа регуляциясининг қатъийлигини танқид остига олди.
Компания вакилининг сўзларига кўра, ДМА талаблари асосида қидирув тизимига киритилган ўзгаришлар маҳсулот учун жиддий ортга қадам бўлиб, уни европалик фойдаланувчилар учун ёмонлаштирган.
Бу Google учун Европа Иттифоқининг монополияга қарши органлари билан биринчи тўқнашув эмас.
2025-йил сентябр ойида Европа Иттифоқи «Google»га реклама технологиялари бозоридаги устун мавқеини суиистеъмол қилгани учун 3,45 млрд доллар миқдорида жарима солган эди.
Шунингдек, Москва Арбитраж суди 2025 йил баҳорида «Google»дан 91,5 квинтиллион рубл ундириш тўғрисида қарор чиқарган эди. Бу тахминан 1,2 квинтиллион долларга тенг. Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунё ялпи ички маҳсулоти 100 трлн доллар атрофида. Шу тариқа даъво суммаси жаҳон ЯИМидан миллион бараварга яқин юқори.
Иш тарихи 2020 йилга бориб тақалади. «Царград» ва РИА ФАН YouTube’даги блокланган аккаунтларини тиклаш талаби билан «Google LLC», «Google Ireland» ва Россиядаги «Гугл» МЧЖга қарши даъво киритган. Суд улар фойдасига қарор чиқарган, аммо компания талабни бажармаган.





