Европа марказий банки 2023-йилдан бери биринчи марта асосий ставкани оширди
Яқин Шарқдаги можаро ва энергия қимматлашуви фонида Европа марказий банки қарийб уч йилдан сўнг илк бор аосий ставкани оширди.

Европа марказий банки 11 июн куни 2023 йил сентябридан бери биринчи марта учта асосий фоиз ставкасини оширишга қарор қилди. Қарор 17 июндан кучга киради ва евроҳудудда инфляция босимининг кучайиши билан изоҳланмоқда.
Янги қарорга мувофиқ, базавий ставка 2,4 фоизга, депозит ставкаси 2,25 фоизга, маржинал кредит линияси ставкаси эса 2,65 фоизга етказилади. Ҳар учала кўрсаткич ҳам 0,25 фоиз бандига оширилди.
Марказий банк раҳбариятининг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги геосиёсий таранглик энергия бозорларидаги босимни кучайтириб, нархлар ўсиши хавфини янада оширган.
Инфляция босими кучайди
Регулятор жорий йил учун инфляция прогнозига ҳам ўзгартиш киритди. Илгариги 2,6 фоизлик баҳолаш ўрнига эндиликда йил якунида инфляция 3 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Банк маълумотларига кўра, энергия нархларининг ўсиши озиқ-овқат, саноат маҳсулотлари ва хизматлар сегментида ҳам қўшимча босим юзага келтириши мумкин.
Экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, инфляция 2027 йилга келиб 2,3 фоизгача секинлашади, 2028 йилда эса Европа марказий банкининг 2 фоизлик мақсадли даражасига яқинлашади.
Ўсиш прогнозлари пасайди
Инфляция хавфи ортиши билан бир вақтда иқтисодий ўсиш бўйича прогнозлар ҳам ёмонлаштирилди. Можаронинг хомашё бозорлари ва аҳоли реал даромадларига таъсири сабаб 2026 ва 2027 йиллар учун ўсиш суръатлари мос равишда 0,8 ва 1,2 фоизга туширилди.
Фақат 2028 йилда еврозона ялпи ички маҳсулоти ўсиши 1,5 фоизгача тезлашиши кутилмоқда. Европа марказий банки ноаниқликлар юқори даражада сақланиб қолаётганини ва прогнозлар яна қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирди.
Евростатнинг дастлабки маълумотларига кўра, май ойида евроҳудудда йиллик инфляция 3,2 фоизни ташкил этган. Бунда энергия нархларининг бир йилда 11 фоизга кўтарилиши асосий омил бўлган. Шу билан бирга, АҚШда ҳам инфляция 4,2 фоизгача тезлашгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.





