«Ёшлар дафтари»га кириш тартиби ўзгартирилди

26.02.2026 | 11:352 daqiqa

Янги қарорга кўра, 14–30 ёшли кам таъминланган фуқароларга ёрдам бериш механизми қайта кўриб чиқилди.

«Ёшлар дафтари»га кириш тартиби ўзгартирилди

Ҳукуматнинг 78-сонли қарори билан 2022 йил 7 июндаги 312-сон қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, «Ёшлар дафтари» орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилди. «Ёшлар дафтари»га киритиладиган ёшлар тоифаси ва рағбатлантириш механизми аниқ белгилаб берилди.

«Ёшлар дафтари»га киритиладиган фуқаролар

Янги тартибга кўра, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган фуқаролар доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича «Ёшлар дафтари»га киритилади. Бунда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзолари, шунингдек, ҳар бир аъзога тўғри келадиган ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилалар ёшлари қамраб олинади.

Дафтарга кириш ва ижтимоий ёрдам олиш учун аризалар давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ёки Ёшлар ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади. Бу жараён электрон тарзда амалга оширилиб, шаффофликни таъминлашга қаратилган.

«Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағ ажратиш

«Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари индивидуал режа асосида ижтимоий шартнома тузиш орқали тақдим этилади. Шартнома шартларининг бажарилиши электрон платформа орқали автоматик мониторинг қилинади ва ҳар ой 100 балли тизим асосида баҳоланади.

Барча шартлар бўйича тўпланган баллар ўртача кўрсаткич сифатида ҳисобланади. Камида олти ой давомида шартларни «аъло» даражада бажарган ва энг юқори натижа кўрсатган 1 000 нафаргача ёшлар ҳар йили декабр ойида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Teglar

Mavzuga oid