Юнусободда янги йўл ўтказгич қурилиши режалаштирилмоқда

Bugun 12:252 daqiqa

Тошкентда жамоат транспортини ривожлантириш ва тирбандликни камайтириш мақсадида учта янги BRT йўналиши ҳамда Юнусобод универсами яқинидаги айланма йўл ўрнида туннель қуриш режаси маълум қилинди.

Юнусободда янги йўл ўтказгич қурилиши режалаштирилмоқда © vaqt.uz

«Tashkent Invest» компанияси ажратилган автобус йўлаклари — BRT тизимини яратиш бўйича халқаро муҳандислик маслаҳатчиси хизматлари учун танлов эълон қилди.

Лойиҳа доирасида Шаҳрисабз, Амир Темур ва Янги Сергели кўчаларида янги BRT линиялари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, транспорт оқимини енгиллаштириш мақсадида Амир Темур, Янгишаҳар ва Рихсилий кўчалари кесишмасида (аҳоли орасида Юнусобод универсами «груги» сифатида танилган ҳудуд) туннель қуриш режалаштирилмоқда.

photo_2026-05-21_11-58-12


Танлов ғолиби бўлган муҳандислик маслаҳатчиси 240 кун давомида техник назорат, қурилиш жараёни мониторинги ҳамда лойиҳани мувофиқлаштириш хизматларини кўрсатиши керак бўлади.

Лойиҳанинг биринчи босқичи учун ажратилган маблағ 6,28 млрд сўмни ташкил этади. Тўловлар ҳар ой тенг улушларда амалга оширилади. Шундан 15 фоизи аванс сифатида, қолган қисми эса кейинги ой охиригача тўлаб берилади.

Танловда маҳаллий ва хорижий консалтинг компаниялари, муҳандислик ташкилотлари ҳамда хусусий консультантлар иштирок этиши мумкин. Шунингдек, консорциум шаклида қатнашишга ҳам рухсат берилган.

Иштирокчилар техник ва молиявий таклифлар билан бирга 62,85 млн сўмлик гаров ёки банк кафолатини ҳам тақдим этиши лозим.

Аризалар 2 июнга қадар қабул қилинади, натижалар эса беш иш куни ичида эълон қилиниши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда жамоат транспорти ҳаракатини тезлаштириш мақсадида автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлаклар — БРТ (Bus Rapid Transit) тизимини жорий этиш бўйича янгиланган режани тақдим этганди. Лойиҳага кўра, ушбу тизим шаҳарнинг 10 та йирик кўчасини қамраб олади ва махсус йўлакларнинг умумий узунлиги қарийб 51 километрни ташкил этади.

Янгиланган режада BRT тизими қуйидаги кўчаларда: Шота Руставели (5,1 км), Шаҳрисабз (3,2 км), Амир Темур (5,7 км), Янги Сергели (5,3 км), Махтумқули (1,3 км), Мирзо Улуғбек – Феруза – Юзработ (10,4 км), Лутфий ва Муқимий (5,9 км), Нурафшон (3,7 км), Қоратош – Кўкча дарвоза (4 км) ҳамда Алишер Навоий – Беруний (6 км) амалга оширилиши белгиланди.

Лойиҳани амалга ошириш учун жами 126 миллион доллар сарфланиши режалаштирилган. Ҳокимлик баёнотида айтилишича, тизим жорий этилгандан сўнг шаҳар марказидаги йўлларда тирбандлик сезиларли даражада камаяди, жамоат транспорти тезлиги ошади ва атмосфера ифлосланиши қисқаради.

Teglar

Mavzuga oid