Тошкентда импорт гўшт нархи июн ойида 10 фоизгача ошди

02.07.2025 12:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Июн ойида Тошкент шаҳрида совитилган импорт мол ва қўй гўшти нархи 3,5 фоиздан 9,4 фоизгача қимматлашди. Импорт ҳажми кескин ошганига қарамай, ички бозорда гўшт нархлари ўсишда давом этмоқда.

Go'sht narxi

Июн ойи давомида Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Эски Жува» бозорида совитилган импорт мол ва қўй гўшти нархи сезиларли даражада ошди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, 2 июндан 30 июнгача гўшт нархи 3,5 фоиздан 10 фоизгача кўтарилган.

Айниқса, қўй гўшти нархи кўпроқ ўсди. Июн ойи бошида 82-95 минг сўм бўлган қўй гўшти нархи ой охирига келиб 85-105 минг сўмгача қимматлашган. Импорт мол гўшти нархи эса 79-85 минг сўмдан 80-88 минг сўмгача кўтарилди. Қўй бўйни ва қовурға гўшти ҳам ой давомида 3,7 фоиздан 5,9 фоизгача ошди.

Энг юқори ўсиш импорт қўй гўштида қайд этилди — бир килограмми нархи ой бошида 94-96 минг сўм бўлган бўлса, ой охирида 100-105 минг сўмга етган. Бу 9,4 фоизлик қимматлашишни кўрсатмоқда.

Гарчи гўшт импорти ҳажми сезиларли даражада ошган бўлса-да, нархлар пасайиш ўрнига ўсишда давом этмоқда. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ-май ойларида гўшт маҳсулотлари импорти 38,5 фоизга ўсган. Айниқса, мол гўшти импорти 50 фоизга кўпайган, қўй гўшти импорти эса қарийб уч баробар ошган. Шу билан бирга, импорт қўй гўштининг килограмм нархи деярли 2,5 баробар арзонлашган.

Товуқ гўшти импорт ҳажми 2,5 фоизга пасайган бўлса-да, умумий харид учун сарфланган маблағ 3 фоизга кўпайган. Бу эса бозорда гўшт маҳсулотлари нархларини назорат қилиш ва барқарорлаштириш зарурлигини кўрсатади.