1 февралдан «Давлат таъминотидаги оила»лар учун янги ёрдам пакети жорий этилади
2026 йил 1 февралдан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги молиявий ва инфратузилмавий механизм ишга туширилади.

2026 йил 1 февралдан бошлаб «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилалар учун янги ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ижтимоий ёрдам пакети
Қонунчиликка мувофиқ, ушбу тоифадаги оилалар хонадонига қуввати 7–10 kW бўлган қуёш панелларини ўрнатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача субсидия ажратилади. Бу эса оилаларнинг электр энергияси харажатларини қисқартириш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини оширишга хизмат қилади.
Ижтимоий ёрдам пакетининг яна бир муҳим қисми — имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳисобланади. Тижорат банклари орқали «давлат таъминотидаги оила»ларга 4 йилгача муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача кредит бериш назарда тутилган. Мазкур маблағлар оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини бандликка жалб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтиришга йўналтирилади.
Имтиёзли кредитлар
Хусусан, кредит маблағлари ҳисобидан чорва моллари, парранда, қуён, балиқ ва асалари уяларини харид қилиш, кўчма дўконлар ташкил этиш, мотороллер ёки скутер сотиб олиш, шунингдек, иссиқхона қуриш каби лойиҳаларни амалга ошириш мумкин бўлади. Бу эса оилаларнинг ўзини ўзи таъминлаш имкониятларини оширишга қаратилган.
Белгиланган тартибга кўра, кредит 1 йиллик имтиёзли давр билан ажратилади ва «давлат таъминотидаги оила» аъзосининг ижтимоий картасига ўтказилади. Кредит фоиз ставкаси эса Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида амал қилаётган ставкалар асосида ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 февралдан профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эдик.
Янги тизим зўравонликка учраган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган болаларни вақтинча оила муҳитида ҳимоя қилишни назарда тутади.





