1 сотих ер 301 млн сўм: Тошкентда ер нархлари пасаймоқда
Пойтахт бўйлаб нархларнинг пасайишига шаҳар марказидан узоқроқ ҳудудларда ер таклифининг ошиб бориши сабаб бўлмоқда. Бу марказда нарх ҳамон юқори эканини кўрсатади.
© vaqt.uzЎзбекистонда 2026 йил I чоракда кўчмас мулк бозорида иқтисодий фаоллик сезиларли тезлашди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Кўчмас мулк бозори шарҳидан маълум бўлди.
Бунда, олди-сотди битимлари сони 110,1 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48,4 фоизга кўпайди. Бундай сезиларли ўсиш 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк олди-сотди битимларида эскроу тизими ишга туширилгани билан изоҳланади.
Тизим нақдсиз ҳисоб-китобларга асослангани сабаб ўзбекистонликлар 1 апрелга қадар кўчмас мулкини тезроқ сотишга ҳаракат қилди. Апрель ойидан бошлаб уй-жой савдоси сезиларли пасайиб кетди.
Масалан, апрель ойида 23,3 мингта кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилди. Бу март ойидаги 43,6 мингталик кўрсаткичга нисбатан қарийб икки баробар камроқ.
Май ва июнь ойларида аҳолининг эскроу тизимига мослашиши натижасида уйлар савдоси бироз жонланди. Бироқ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бозордаги фаоллик пастлигича қолмоқда.
Нархлар қандай бўлди?
2026 йилнинг дастлабки чорагида кўчмас мулк бозорида кузатилган юқори фаоллик ортидан нарх тенденцияларида ҳам ўз аксини топди.

Март ойида бирламчи бозорда нархлар доллар индексида 8,1 фоизга, сўм индексида 1,8 фоизга қимматлашди. Иккиламчи бозорда эса ўсиш суръатлари бироз юқорироқ бўлди: долларда — 9,4 фоиз, сўмда — 3 фоиз.
Ижара бозорида жорий йилнинг биринчи чорагида мўътадил ўсиш динамикаси сақланиб қолди. Мамлакат бўйича ижара нархлари март ойида доллар қийматида 9,5 фоизга, сўм қийматида 3,1 фоизга қимматлашди.
Тошкент шаҳрида ижара нархлари ўсиши бироз пастроқ шаклланиб, доллар қийматида 6,9 фоизни (сўмда 0,6 фоиз) ташкил этди.
1 сотих ер нархи пасайишда давом этяпти
2026 йилда ҳам пойтахт бўйлаб ер участкаси нархларида пасаювчи динамика давом этмоқда.
I чорак якунига кўра, Тошкент шаҳрида 1 сотих ер нархи 301 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4 фоизга пасайди.

Марказий банк нархларнинг пасайишини шаҳар марказидан узоқроқ ҳудудларда ер таклифининг ошиб бориш тенденцияси билан изоҳлади.
Яъни Тошкент марказида ер нархлари ҳамон юқори даражада шаклланаётган бўлса-да, чекка ҳудудлардаги таклифлар кўпайгани ўртача нархнинг пасайишига олиб келган.
Пойтахтда ер нархининг энг юқори миқдори 2024 йилнинг биринчи чорагида кузатилганди — 380 млн сўм атрофида.




