10 млрд сўмга яқин давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
Рақобат қўмитаси бир қатор ҳудудлардаги давлат харидларида рақобатни чеклаш ҳолатларини аниқлаб, қоидабузарликларга йўл қўйган буюртмачи ташкилотларга нисбатан чоралар кўрди.
© stock10 млрд сўмга яқин давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, қўмитанинг ҳудудий органлари давлат харидларида мониторинг амалга оширилган ва келиб тушган мурожаатларни ўрганган.
Энг яхши таклифларни танлаш ва танлов (тендер) савдоларини ўрганиш натижасида «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаганлиги, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Хусусан:
— Андижон вилояти, Олтинкўл тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг 300 млн сўмлик;
— Фарғона вилояти «Фарғона туман йўллардан фойдаланиш» давлат муассасасининг 7 та 2,5 млрд сўмдан зиёд;
— Жиззах вилояти Зарбдор тумани 2-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 2 та 1,4 млрд сўмдан зиёд;
— Наманган вилояти Чуст туман тиббиёт бирлашмасининг 1,8 млрд сўмга яқин;
— Навоий вилояти Хатирчи давлат ўрмон хўжалигининг 7 та 1,7 млрд сўмга яқин;
— Самарқанд вилояти «Ўзйўлкўприк кластери» Самарқанд филиалининг 1,7 млрд сўмлик;
— «Озодлик» ДМнинг 410 млн сўмлик харидлари бўйича қонунбузилиш аломатлари қайд этилди.
Жарима ва мажбурий кўрсатмалар
Ушбу ҳолатлар юзасидан қўмита ҳудудий бошқармалари махсус комиссиялари буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатиб, белгиланган тартибда таъсир чораларини қўллаган.
Қўмита қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берган. Айрим ҳолатларда молиявий жарима қўллаш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун материаллар тегишли органларга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қурилишда аниқланган қонунбузилишлар учун 68,6 млрд сўмлик жарималар белгилангани хабар қилинганди.





