2025 йилда 189 та давлат харидларида 666 млрд сўмлик қонунбузилиш аниқланган
2025 йилда давлат харидларидаги қонунбузилишлар сони сезиларли камайган, аммо молиявий ҳажм 34 фоизга ўсган.

2025 йил якунларига кўра, давлат харидлари тизимида 666,6 млрд сўмлик 189 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Таҳлилларга кўра, қонунбузилишлар сони 2024 йилга нисбатан 282 тага ёки қарийб 60 фоизга камайган. Бироқ уларнинг умумий қиймати 167,9 млрд сўмга ёки 33,7 фоизга ошган. Бу ҳолат камроқ эпизодларда йирик молиявий бузилишлар қайд этилганини англатади.

Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда 541,8 млрд сўмлик қонунбузилиш аниқланган бўлиб, бу жами сумманинг 81,3 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида аниқланган ҳолатлар сони ўтган йилга нисбатан 8 тага камайган.
Қайд этилишича, 102 та ҳолат нохолис баҳолаш ва рақобатни чеклаш билан боғлиқ бўлган. Яъни тендер жараёнларида адолатли баҳолаш тамойилларига риоя этилмаган. Шунингдек, 36 та ҳолат манфаатлар тўқнашуви, 32 та ҳолат эса аффилланганлик билан боғлиқ экани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси 16,4 млрд сўмлик давлат харидларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқлагани ҳақида хабар берган эдик.





