add

2026 йил учун Давлат бюджети тасдиқланди

Bugun 10:353882 daqiqa

Президент 2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. Янги қонун билан 2026 йил учун бюджет сиёсатининг асосий параметрлари, тақчиллик чегараси ва бир қатор молиявий ставкалар белгиланди.

2026 йил учун Давлат бюджети тасдиқланди

Ўзбекистонда 2026 йил учун Давлат бюджети расман тасдиқланди. «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ–1105-сонли Қонун 2025 йил 25 декабр куни қабул қилинди.

Ҳужжат 2026 йил учун мамлакатнинг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни назарда тутади.

Қонунга мувофиқ, республика бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағлардан 1-даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар фақат 2026 молия йили давомида фойдаланиши мумкин. Мазкур маблағларни кейинги молия йилига ўтказишга йўл қўйилмайди. Бу норма бюджет интизомини кучайтириш ва маблағлардан мақсадли фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

2026 йил учун қатор муҳим молиявий кўрсаткичлар ҳам тасдиқланди. Жумладан, мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун ижара тўловларининг энг кам ставкалари белгиланди. Шунингдек, айрим товар турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкалари ҳам қонун даражасида мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кириши ва мамлакат орқали транзити учун ундириладиган йиғимлар ставкалари ҳам тасдиқланди. Мазкур чоралар ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш, инфратузилма харажатларини қоплаш ва давлат даромадларини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Қонунга кўра, 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи даражасида белгиланди. Бу кўрсаткич давлат молияси барқарорлигини сақлаш ҳамда макроиқтисодий хавфларни чеклашга қаратилган.

Мазкур Қонун 2026 йил 1 январдан кучга киради ва йил давомида бюджет сиёсати учун асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бюджет харажатлари устидан назорат кучайтирилиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid