add

2026 йилда Сурхондарёдаги 114 та коннинг 2 млрд долларлик қисми ишга тушади

Bugun 16:153072 daqiqa

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятининг салоҳиятини янада тўлиқ ишга солиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

2026 йилда Сурхондарёдаги 114 та коннинг 2 млрд долларлик қисми ишга тушади

Президент Шавкат Мирзиёев 24 декабр куни Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, йиғилишда келгуси йилда вилоятда аниқланган 114 та қазилма конлари захираси асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Келгуси йилда ушбу конларда 3,2 миллиард долларлик 91 та лойиҳани бошлаш, шундан 2 миллиард долларлик қисмини ишга тушириш режалари белгиланди.

Шунингдек, драйвер лойиҳалар инфратузилмасига 175 миллиард сўм ажратилади, бунинг ҳисобига 1 триллион 200 миллиард сўмлик 36 та лойиҳа амалга оширилиб, 9 мингта иш ўрни яратилади.

Маълум қилинишича, туризм соҳаси муҳокама қилинар экан, вилоятда атиги 47 та меҳмонхона фаолият юритаётгани, 4 ва 5 юлдузли ёки бренд меҳмонхоналар мавжуд эмаслиги қайд этилди. Бойсун, Сангардак ва Омонхона каби юқори туристик салоҳиятга эга ҳудудлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, меҳмонхоналар сонини кўпайтириш, янги туризм йўналишлари ва объектларини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот ишлаб чиқаришнинг 60 фоизи Денов, Шеробод, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Музработ ва Сариосиё туманлари ҳиссасига тўғри келаётгани қайд этилди. Келгуси йилда Ангор, Қизириқ, Термиз, Узун ҳамда ихтисослашган бошқа туманларда ҳам экспортни кўпайтириш бўйича аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Давлат раҳбари ҳудудда йўлларни таъмирлаш, уй-жой қуриш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳам кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, 30 ноябр куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конида катта портлаш содир бўлганди.

Teglar

Mavzuga oid