
Бойсундаги газ конида яна портлаш юз берди
Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги расмий муносабат берди.
Бугун, 30 ноябр куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаг «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конида катта портлаш содир бўлгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги расмий изоҳ берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат «М-25» конининг 202-сон қудуғида бир ҳафта олдин кузатилган геологик жараён. Яъни, аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниши ҳолати ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат кондаги геологик жараён натижасида юз берган ва қисқа вақтда яна ёқиб қўйилган.
Энергетика вазирлигига кўра, айни пайтда Бойсундаги «М-25» конида вазият барқарор бўлиб, барча жараёнлар мутахассислар назорати остида амалга оширилмоқда.
«Аввал хабар берганимиздек, ҳавога зарарли моддалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида газ ёқиб қўйилган ва бу усул атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда қабул қилинган стандарт амалиёт ҳисобланади ҳамда халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўлиқ жавоб беради», дейилади вазирлик муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги 2 ноябр куни Бойсун туманидаги «М-25» конининг 202-сон газ қудуғида аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниш ҳолати кузатилгач, ҳавога зарарли моддалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида газ тезкор равишда яна ёқиб қўйилганини маълум қилганди.





