add

Алиев ва Пашинянга БААда мукофот топширилди

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик келишуви Инсоний биродарлик бўйича Зайд мукофотига сазовор бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам совриндорларни табриклади.

Алиев ва Пашинянга БААда мукофот топширилди

Кеча, 4 феврал куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида Инсонпарварлик биродарлиги учун «Зайд» мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўтган ойда Бурж Халифа шаҳрида жойлашган Инсоний биродарлик бўйича Зайд мукофоти қўмитаси 2026 йилги лауреатлар номини очиқлаганди. Нуфузли мукофотга Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик келишуви ҳамда афғонистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Зарқа Яфтали лойиқ деб топилди.

1

Мукофотни топшириш маросимида Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев қизи билан, Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса рафиқи билан бирга иштирок этди.

2

Тадбир давомида Арманистон ва Озарбойжонда тинчлик ўрнатиш аҳамиятини намойиш этувчи қисқа филм намойиш этилди. Кейин Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев саҳнага таклиф этилди. Икки давлат раҳбарларига мукофотни Кардинал Жозе Толентино де Мендонса ва Инсонпарварлик биродарлиги учун Зайд мукофоти Бош котиби Муҳаммад Абдуссалом топширди.

Бу ўзи қандай мукофот?

Мукофот Бирлашган Араб Амирликлари асосчиси марҳум Шайх Зайд бин Султон Ал Нохаён шарафига номланган бўлиб, унинг мақсади инсонпарварлик биродарлигини ривожлантириш ва тинч ҳамкорликка эришиш йўлида беғараз ва доимий меҳнат қилган шахслар ва ташкилотларни, уларнинг ватани ёки жойлашувидан қатъий назар, эътироф этишдан иборат.

2019 йилда таъсис этилганидан бери, мукофот 15 та давлатдан 16 нафар лауреатни эътироф этди. Мукофотнинг яратилиши тарихий Абу Даби учрашувига асосланади. Ўшанда Рим католик черковининг 266-раҳбари, марҳум папа Франциск ва Ал-Азҳар имоми Шайх Аҳмад Ал-Тоййиб учрашиб, биргаликда Инсонпарварлик биродарлиги тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган.

3

Мукофотни шу пайтгача қуйидагилар қўлга киритган: Ал-Азҳар имоми Аҳмад Ал-Тоййиб, марҳум Рим папаси Франциск, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, экстремизмга қарши фаол Латифа Ибн Зиатен; Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II ва қиролича Рания, ҳаитилик «Foundation for Knowledge and Liberty» ташкилоти, «Community of Sant’Egidio» ташкилоти, кениялик тинчлик қурувчиси Шамса Абубакар Фазил, Индонезия хайрия ташкилотлари «Nahdlatul Ulama» ва «Muhammadiyah», дунёга машҳур хирург-профессор Сэр Магди Яқуб, Чилидаги ННТ асосчиси Сестра Нелли Леон Корреа, Барбадос бош вазири Ҳон Миа Амор Моттли, озиқ-овқат ёрдам ташкилоти «World Central Kitchen» ҳамда ёшлар соғлиғи соҳасида инновация яратувчи Ҳеман Бекеле.

 

Нега айнан Озарбойжон ва Арманистон?

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян 2025 йил 8 август куни АҚШ воситачилигида АҚШ Президенти Доналд Трамп билан учрашув чоғида кўп йиллик можаролардан сўнг икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантирувчи ва уларни ўзаро муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга олиб келадиган тинчлик битимини имзолаганди. 

4

Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги ёмонлашув асосан Қорабоғ можаросидан келиб чиққан. Совет даврида Қорабоғ Озарбойжон таркибида бўлса-да, аҳолининг катта қисми арманлардан иборат эди. 1980 йилларнинг охирида СССР парчалана бошлаганда, арман миллатчилари ҳудудни Арманистонга қўшишни талаб қилди, бу эса миллатлараро кескинликни кучайтирди. 

1988 йилда қуролли тўқнашувлар бошланди, 1991 йилда урушга айланиб, 1994 йилда Россия воситачилигида Бишкек сулҳи имзоланди. Натижада арман кучлари Қорабоғ ва атрофидаги 7 туманни эгаллаб олди, Озарбойжон эса бу ҳудудларни босиб олинган, деб ҳисоблаб келди. 2020 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида 44 кунлик уруш бўлиб, Озарбойжон Туркия ёрдами ва замонавий қуроллар ёрдамида катта ҳудудларни, жумладан Шуша шаҳрини қайтариб олди. Россия воситачилигида сулҳ тузилиб, Арманистон Қорабоғдан ташқари уч туманни Озарбойжонга топширди. 

2023 йил сентябрда Озарбойжон «аксилтеррор операцияси» орқали бутун Қорабоғ устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва ҳудуддаги арман аҳолиси деярли тўлиқ Арманистонга кўчиб кетди.

Илҳом Алиев ва Никол Пашинян Оқ уйда ҳужжатни имзолагач, АҚШ етакчиси Доналд Трампни Тинчлик учун Нобел мукофотига номзод қилиб кўрсатиш ниятида эканини маълум қилди.

Табриклар

Инсонпарварлик биродарлиги учун Зайд мукофоти лауреатларига бағишланган табрик видеомурожаатларини Туркия президенти Реажаб Тоййиб Эрдўған, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Покистон Ислом Республикаси бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Ливан Республикаси президенти Жозеф Аун, Туркия Республикасининг биринчи хоними Эмина Эрдўған ҳамда Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II тақдим этди.

Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинянни табриклар экан, сиёсий етакчиларнинг узоқ давом этган можарони оқилона ҳал этиш, тинчликка эришиш йўлидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ҳеч шубҳасиз, ушбу нуфузли мукофотга ҳақли равишда муносиб эканини таъкидлади.

5

«Бугунги нотинч дунёда масъулиятли лидерларга, қатъий сиёсий иродага ва муаммоларни мулоқот орқали ҳал қилишга катта эҳтиёж бор. Ҳозирги мураккаб халқаро вазиятда шундай йўл билан қабул қилинган қарорлар давлатлар ва халқлар ўртасида барқарорлик ва мустаҳкам ишончнинг асосини ярата олади. Бироқ тинчликнинг неъмати ўз-ўзидан келмайди. Тинчлик учун бошқаларни тинглаш, энг қийин шароитларда ҳам компромисс йўлларини топиш ва қабул қилинган қарорлар учун масъулиятни олиш қудрати талаб этилади.

Тарих шуни кўрсатадики, узоқ муддатли ва барқарор тараққиёт фақат компромисс ва ўзаро ҳурмат ҳамда эътибор муҳити орқали таъминланиши мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.

6

Шунингдек, Ўзбекистон президенти бундай нуфузли мукофотнинг давлат арбобларига тақдим этилаётгани дунё аҳамиятига эга муҳим минтақада юзага келган дўстлик, ҳамкорлик ва янги ҳамжиҳатлик руҳининг очиқ тасдиғи эканини айтди.

«Биз ҳар қандай низо ёки можарони фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан, халқаро қонунчилик ва қўшничилик тамойиллари асосида ҳал этилишини тарафдоримиз. Бугун халқларимиз учун умумий тинчлик ва фаровонликни таъминлаш фақат бирлик, ўзаро кўмак ва шериклик орқали мумкин», – деди Президент.

Саида Мирзиёева — ҳакамлар ҳайъати аъзоси

Бу йилги танлов жараёнида Ўзбекистон вакили, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг биринчи ва ягона вакили – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева илк бор ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этди.

7

У Мисрда ва Италияда «Инсоний биродарлик» мукофоти ҳайъати йиғилишларида қатнашди. Шунингдек, Саида Мирзиёеванинг мукофот Бош котиби Муҳаммад Абдуссалом билан ҳаммуаллифликдаги мақоласи эълон қилинди.

Teglar

Mavzuga oid