АҚШ Исроилни илк бор Эронга берилаётган зарбалардан тийилишга чақирди — «Axios»
Вашингтон қўшма ҳарбий амалиёт бошланганидан бери илк бор Исроилга Эроннинг энергетика ва нефт инфратузилмасига ҳужум қилишни тўхтатиш бўйича чеклов қўйди.

«Axios» нашри ўзининг учта манбасига таяниб хабар беришича, Оқ уй Исроил раҳбарияти ва ЦАҲАЛ Бош штабига тегишли огоҳлантиришни етказган. Трамп маъмурияти иттифоқчисини тийиб туриш учун учта асосий сабабни келтирмоқда. Жумладан:
Аҳолининг жабрланиши: Энергетикага бериладиган зарбалар амалдаги режимни қўллаб-қувватламайдиган тинч аҳолига зарар етказади;
Стратегик актив: Трамп Эрон нефт саноатини урушдан кейин АҚШ ишлаши мумкин бўлган муҳим актив сифатида кўрмоқда (Венесуэла мисолидагидек);
Қўшниларга таҳдид: Кескинликнинг кучайиши Эронни қўшни давлатлардаги нефт объектларига ҳужум қилишга мажбурлаши мумкин.
Трампнинг «сўнгги чора» стратегияси
Президент Трамп Эрон нефт инфратузилмасини бутунлай йўқ қилишни фақат ўта фавқулодда ҳолат — Теҳрон Форс кўрфазидаги ёқилғи объектларига атайлаб ҳужум қилган тақдирдагина қўлланиладиган чора деб ҳисоблайди.
Трамп «Truth Social» тармоғида Эронни очиқ огоҳлантириб, агар улар бундай қадамга жасорат қилса, жавоб «20 баробар кучлироқ» бўлишини ва бу Эронни давлат сифатида тикланишини имконсиз қилиб қўйишини ёзди.
Сиёсий доиралардаги хавотир
Ҳатто АҚШдаги қатъий сиёсат тарафдорлари ҳам эҳтиёткорликка чақирмоқда. Сенатор Линдси Грэҳэмнинг фикрича, нефт иқтисодиёти «режим қулаганидан кейин» Эрон халқи учун янги ҳаёт қуришда зарур бўлади.
АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет яқинда ёқилғи омборларига берилган зарбалардан Вашингтонни узоқлаштирди. У Америка кучлари бундай нишонларга ҳужум қилишда иштирок этмаганини алоҳида таъкидлади.





