add

АҚШга кириш учун виза чеклови ўрнатилган давлатлар рўйхати 39 тага етди

Bugun 11:353572 daqiqa

Янги тартибга асосан Буркина-Фасо, Лаос, Мали, Нигер, Сурия, Сиерра-Леоне ва Жанубий Судан фуқаролари учун АҚШга кириш тўлиқ тақиқланди. Туркманистон фуқаролари учун эса ноиммигрант визаларга қўйилган тақиқ бекор қилинди.

АҚШга кириш учун виза чеклови ўрнатилган давлатлар рўйхати 39 тага етди

АҚШ президенти Доналд Трамп фармонига мувофиқ АҚШга кириш учун тўлиқ ва қисман виза чекловлари жорий этилган давлатлар сони 39 тага етди. Бу ҳақда CNN нашри хабар бермоқда.

Оқ уй маълумотларига кўра, рўйхат аввалги 19 давлатдан деярли икки баробарга кенгайтирилди ва бу қарор миграция сиёсатидаги қатъийлашувнинг навбатдаги босқичи сифатида баҳоланмоқда.

Янги фармонга асосан Буркина-Фасо, Мали, Нигер, Жанубий Судан ва Сурия фуқароларига нисбатан тўлиқ виза чекловлари жорий этилди. Шунингдек, Лаос ва Сиерра-Леоне аввал қисман чекловда бўлган бўлса, эндиликда тўлиқ тақиқ остига олинди. Фаластин маъмурияти томонидан берилган саёҳат ҳужжатлари эгалари учун ҳам АҚШга кириш чекланди.

Бунгача амалда бўлган Афғонистон, Мянма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Ҳаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман фуқаролари учун тўлиқ виза чекловлари ўз кучида қолдирилди. Бурунди, Куба, Того ва Венесуэла фуқароларига нисбатан эса қисман чекловлар сақлаб қолинди.

Қисман кириш чекловлари жорий этилган янги давлатлар рўйхатига Ангола, Антигуа ва Барбуда, Бенин, Кот-дʼИвуар, Доминика, Габон, Гамбия, Малави, Мавритания, Нигерия, Сенегал, Танзания, Тонга, Замбия ва Зимбабве киритилди. Бу мамлакатлар фуқаролари учун айрим виза тоифалари бўйича чекловлар қўлланади.

Фармон доирасида Туркманистон фуқаролари учун ноиммигрант визаларга қўйилган тақиқ бекор қилинди, бироқ доимий яшаш мақсадида АҚШга кириш чеклови сақлаб қолинди. Шу билан бирга, доимий яшаш ҳуқуқига эга шахслар, амалдаги визаси борлар ва АҚШ миллий манфаатларига хизмат қилувчи айрим ҳолатлар истисно сифатида белгиланди.

Оқ уй бу қарорни хавфсизлик текширувлари, маълумот алмашиш ва миграция назоратидаги жиддий камчиликлар билан изоҳлади. Фармон Трамп маъмуриятининг иммиграция сиёсатида кескинлашув кучайган бир пайтда қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп маъмурияти 19 та давлат фуқароларининг Грин-карталарини қайта текшириши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid

АҚШга кириш учун виза чеклови ўрнатилган давлатлар рўйхати 39 тага етди | Vaqt.uz