Аргентинада Милей партияси парламент сайловларида ғалаба қозонди

27.10.2025 | 15:152 daqiqa

Президент Хавиер Милей раҳбарлик қилаётган «La Libertad Avanza» партияси Аргентинадаги оралиқ парламент сайловларида ғалаба қозонди. У мамлакат бўйлаб 40,8 фоиз овоз билан рақибларидан устун келди.

Аргентинада Милей партияси парламент сайловларида ғалаба қозонди

Аргентина президенти Хавиер Милейнинг ўнг либерал ва анархо-капиталистик қарашларга эга «La Libertad Avanza» (Олға, эркинлик) партияси мамлакатдаги парламент сайловларида илк марта энг кўп овоз тўплади. Сайлов қўмитаси маълумотларига кўра, 95 фоиз бюллетен ҳисоблангандан сўнг партия 40,84 фоиз овоз олди, асосий рақиби — сўл перонистик «Fuerza Patria» эса 31,67 фозиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади.

Кузатувчилар бу сайловни амалда «Милей сиёсати бўйича референдум» деб атади. У икки йилдан бери ҳокимият тепасида бўлса-да, парламентдаги кўпчилик ўринга эга эмаслиги сабабли ислоҳотларни тўлиқ амалга ошира олмаган. Унинг бюджет қисқариши ва давлат ролини чеклашга қаратилган кўплаб ташаббуслари қонун эмас, фақат президент фармонлари билан амалга оширилган.

Янги натижалар Милейга тўлиқ кўпчилик бермаса-да, марказчи партиялар билан ҳамкорлик орқали унинг ислоҳотларини парламентда ўтказиш имконини яратади. Бу гал Конгрессдаги 257 ўриндан 127 таси ва Сенатдаги 72 ўриндан 24 таси учун кураш бўлиб ўтди. «La Libertad Avanza» 64 ўринни пастки палатада, 12 ўринни Сенатда қўлга киритди.

Энг катта сюрприз Буэнос-Айресда кузатилди — Милей партияси бу гал 40 фоиз сайловчини ўз томонига оғдирди. Бу ўтган ойги маҳаллий сайловлардаги натижадан 14 фоиз юқори. Шу билан бирга, сўнгги ҳафталарда Милейнинг синглиси Карина номига боғлиқ коррупция можароси жамоатчиликда тортишувларга сабаб бўлган эди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Милейни ғалаба билан табриклаб, Truth Social платформасида «Милей ажойиб иш олиб бормоқда, Аргентина халқи унинг салоҳиятини тан олди», деб ёзди.

Милей эса Трампни «Аргентина халқининг ҳақиқий дўсти» деб атади ва миннатдорлик билдирди. Трамп бу йил мамлакатга 40 млрд доллар молиявий ёрдам ажратган ва унинг давом этиши Милейнинг ғалабасига боғлиқ эканини таъкидлаган — бу ҳолатни таҳлилчилар сайлов жараёнига ташқи таъсир сифатида баҳоламоқда.

Teglar

Mavzuga oid