Банкрот бўлган «Hi-Tech Bank»нинг Тошкент марказидаги биноси уч йил деганда сотилди
Мазкур лот уч йилдан бери аукционга чиқариб келинаётган эди.

Қарийб 4 йил аввал банкрот деб топилган «Hi-Tech Bank»нинг Тошкент марказида жойлашган биноси аукционда 77,8 млрд сўмга «Olmos Finance» микромолия ташкилоти томонидан сотиб олинди. Бу ҳақда 23964412-рақамли лот бўйича электрон онлайн-аукцион натижаларида маълум қилинди.
Аукцион тафсилотлари ва харидор ҳақида
Лот бўйича савдо 2026 йил 1 июл куни соат 10:14 да якунланган. Объектнинг бошланғич нархи 74 060 548 200 сўм этиб белгиланган ва савдо ошиб бориш услубида ўтказилган. Аукционда «Olmos Finance» МЧЖ микромолия ташкилоти 77 763 575 610 сўмлик тасдиқланган таклиф билан ғолиб деб топилган.
Мазкур лот 3 йилдан бери аукционга чиқариб келинаётган бўлиб, унинг дастлабки бошланғич нархи 60 млрд сўм бўлган. Ушбу микромолия ташкилотининг 50 фоиз улушига Зоҳид Алимов ва Шерзод Каримбаев эгалик қилади.
Маълумотларга кўра, Зоҳид Алимов «Ҳаётбанк» ташкил этилган вақтда Бошқарув раиси бўлиб ишлаган ва ҳозирда «Таянч» микромолия банки раҳбари ҳисобланади. Шерзод Каримбаев эса бир муддат «Капиталбанк» Бошқарув раиси сифатида фаолият олиб борган.
Собиқ банкнинг маъмурий биноси Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Ўрда маҳалласи Навоий кўчасида, «Пахтакор» стадиони ва Webster университети ёнида жойлашган. Бино 2020 йилда ғишт ва темир-бетондан қурилган бўлиб, 5 қават ва 17 та хонадан иборат. Умумий фойдали майдони 5 319 квадрат метрни ташкил қилади. Объектда газ, электр таъминоти ва сув мавжуд, лекин канализация йўқ. Мулк номида тақиқ мавжуд бўлиб, аукцион ғолибига тақиқлар ечилган ҳолда, бино ичидаги ускуналарсиз топширилиши белгиланган.





