add

«Барча битимларнинг онаси»: ЕИ ва Ҳиндистон мега-савдоиттифоқини тайёрламоқда

Мазкур келишув натижасида умумий аҳолиси 2 миллиард кишига яқин бўлган ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисмини таъминловчи улкан бозор шаклланиши кутилмоқда.

«Барча битимларнинг онаси»: ЕИ ва Ҳиндистон мега-савдоиттифоқини тайёрламоқда

Еврокомиссия Ҳиндистон билан эркин савдо тўғрисида шартнома имзолаш ниятида. Бу келишув натижасида умумий аҳолиси қарийб 2 миллиард кишини ташкил этувчи ва жаҳон ЯИМнинг тўртдан бир қисмини қамраб олувчи бозор шаклланиши кутилмоқда. Бу ҳақда ЕК раиси Урсула фон дер Ляйен Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида чиқишида маълум қилди, деб хабар берди Clash Report.

«Давосдан сўнг дарҳол мен Ҳиндистонга йўл оламан... Биз тарихий савдо келишувига яқинлашяпмиз, баъзилар уни «барча битимларнинг онаси» деб аташмоқда», - деди фон дер Ляйен.

The Economic Times манбаларига таяниб хабар беришича, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи 27 январ куни бўлиб ўтадиган 16-Ҳиндистон – ЕИ саммити давомида эркин савдо тўғрисидаги келишув (ЭСТК) бўйича музокаралар якунланганини эълон қилишни режалаштирмоқда.

Саммит Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта ва фон дер Ляйен ҳамраислигида ўтади. Иккала Европа етакчиси, шунингдек, 25 январ куни Ҳиндистонда нишонланадиган Республика куни байрамида фахрий меҳмон бўлишади.

Нафақат савдо, балки хавфсизлик ҳам

Ташриф дастурида ёпиқ маслаҳатлашувлар, шунингдек, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан делегациялар форматидаги музокаралар кўзда тутилган.

Нашр маълумотларига кўра, эркин савдо тўғрисидаги келишувнинг имзоланиши барча ҳуқуқий жараёнлар, жумладан, Европарламент томонидан ратификация қилиниши якунлангач, яқин ойлар ичида кутилмоқда. Бундан ташқари, томонлар икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги шериклик тўғрисидаги келишувни расмийлаштириш ниятида.

Ҳиндистон ва ЕИ 2004 йилдан бери стратегик шериклар мақомига эга.

Ҳиндистон ва ЕИ ўртасида эркин савдо ҳудудини ташкил этиш бўйича музокаралар 2007 йилда бошланган эди, бироқ бир қатор асосий масалалар бўйича келишмовчиликлар туфайли улар бир неча бор тўхтатиб қўйилган ва 2013 йилда бутунлай тўхтатилган эди. Уларнинг қайта тикланиши жаҳон савдо тизимидаги жиддий ўзгаришлар фонида 2022 йилда юз берди. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 120 миллиард еврога (тахминан 140 миллиард доллар) етди, бунда Ҳиндистон экспортининг қарийб 17 фоизи ЕИ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келди.

Ўзбекистон учун 3 та асосий таъсир нуқтаси

Биринчи навбатда, ушбу келишув «Шимол-Жануб» халқаро транспорт йўлагининг аҳамиятини кескин оширади. Ҳиндистон ва Европа ўртасидаги савдо айланмаси ортиши Ўзбекистон орқали ўтадиган транзит йўналишларига бўлган талабни кучайтиради. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг GSP+ тизимидаги иштироки доирасида Европа бозорига чиқаётган маҳсулотлари учун Ҳиндистон каби йирик рақобатчи пайдо бўлади. Учинчидан, инвестициявий муҳитнинг ўзгариши. Европа компаниялари Ҳиндистон билан яқинлашган сари, ушбу йирик бозорларга яқин бўлган Марказий Осиё минтақасига, хусусан Ўзбекистонга «ишлаб чиқариш хаби» сифатида қизиқиш билдиришлари мумкин.

Teglar

Mavzuga oid