
Бир йилда 65 фоизга қимматлаган олтин: Ҳовард Маркс нега уни жамғарма воситаси деб ҳисобламайди?
«Forbes» нашри томонидан бойлини 2,2 млрд доллардан ортиқ деб баҳоланган «Oaktree Capital Management» инвестиция компанияси асосчиси Ҳовард Маркс олтинга капитални сақлаш воситаси сифатида қараш масаласига шубҳа билан ёндашмоқда.

Таниқли инвестор бу фикрларини яқинда Pepperdine University талабалари олдида қилган чиқиши чоғида билдирган, деб ёзмоқда «Business Insider».
Олтиннинг камчилиги нимада?
Маркснинг фикрича, олтиннинг асосий муаммоси — унинг адолатли нархини аниқлаб бўлмаслиги. У активларни икки тоифага ажратади. Биринчи тоифага акциялар, облигациялар ва кўчмас мулк киради — улар пул оқимини яратади ва кутилган даромад асосида баҳоланиши мумкин. Иккинчи тоифага эса олтин ва бошқа муқобил активлар киради, улар пул оқими келтирмайди.
«Нефт баррелининг ёки олтин қуймаси учун қандай нарх адолатли эканини айтиб бўлмайди, — деди Маркс. — Сифат жиҳатларини адолатли нархга қандай айлантириш мумкин? Жавоб шуки: бунинг иложи йўқ. Бу гап олтин учун ҳам тўлиқ тушади».
«Олтинни жамғарма воситасига айлантирадиган ягона нарса — одамлар уни шундай қабул қилишга ўрганиб қолишганидир», — дея қўшимча қилди у.
Тарих нима дейди?
Маркснинг таъкидлашича, тарихан бундай моддий активларга сармоя киритиш муайян хатарлар билан боғлиқ бўлган. У 2008 йил ёзини эсга олди: ўша пайтда «Brent» маркали нефт баррелининг нархи 147 доллардан ошиб кетган, таҳлилчилар эса бунга захираларнинг чеклангани билан изоҳ берган. Бироқ бир неча ой ўтиб, молиявий инқироз чоғида нефт нархи 40 доллар ҳам пастроққа қулади, гарчи таклиф омиллари ўз аҳамиятини йўқотмаган бўлса ҳам, деди у.
2010 йилдаги машҳур таҳлилий ёзувларидан бирида Маркс олтин «идеал» инвестиция активининг барча хусусиятларига эга эканини, бироқ инфляциядан ҳимоя қилиш воситаси сифатида қийматга эга эмаслигини таъкидлаган. Унинг захиралари чекланган бўлса-да, одамларнинг ишончидан ташқари бу металлни жамғарма нуқтайи назаридан темирдан қимматроқ қиладиган ҳеч нарса йўқ, деб ёзган эди у.
«Бу ўзини-ўзи алдаш, оммавий жазава объекти, худди «Қиролнинг янги кийими» ҳақидаги эртакдагидек, — деб ёзган эди Маркс. — Олтин одамлар унга берган баҳодан ташқари ҳеч қандай молиявий қийматга эга эмас ва у жиддий инвестиция стратегиясида ҳеч қандай рол ўйнамаслиги керак. Мен бунга қатъий ишонаман».
Уолл-стритда яна нималар дейишмоқда?
Ўтган йил олтин учун 1979 йилдан бери энг муваффақиятли йил бўлди — унинг нархи 65 фоизга ошиб, янги рекордни янгилади. Олтин раллисига фоиз ставкаларининг пасайиши ва геосиёсий кескинлик фонида марказий банклар ҳамда инвесторлар томонидан бўлган талаб туртки берди. «Bloomberg» январ ойи бошида суҳбатлашган кўплаб активлар бошқарувчилари 2026 йилда ҳам олтинни қўллаб-қувватловчи омиллар сақланиб қолишини айтиб, ундаги улушларини кескин қисқартиришни режалаштирмаётганини билдиришди.
Ўз навбатида, машҳур инвестор Марк Мобиус ҳозирги нархларда олтин сотиб олмаслигини, аммо агар у 20 фоизга арзонлашса, бу вариантни кўриб чиқишини айтди.
Бойлигини олтинга ўтказган миллиардер
Гарчи Ҳовард Макс олтинга ишонмаса-да, активларни бу қимматаҳо металларга ўтказаётган бойлар ҳам бор. Осиёдаги машҳур инвестор геосиёсий хавфлар кучайган бир пайтда стратегиясини ўзгартириб, активларининг катта қисмини қимматбаҳо металларга йўналтирди.
Ҳонгконглик миллиардер, қийматли инвестиция ёндашуви билан танилган Чеа Чэн Ҳай сўнгги йил ичида ўз сармоя стратегиясини кескин қайта кўриб чиқди. «Bloomberg» нашрининг манбаларга таяниб хабар қилишича, ҳозир унинг оилавий офиси активларининг тахминан 25 фоизи олтин ва бошқа қимматбаҳо металларга тўғри келади. Офиснинг умумий капитали 1,4 млрд доллар деб баҳоланмоқда.
71 ёшли Чеа нашргага берган интервюсида олтинни умрбод жамғарма сифатида қабул қилишини таъкидлади. У қимматбаҳо металларни сотмаслигини, фақат харид қилиш орқали улушни босқичма-босқич ошириб борганини айтди.





