Logo

Битта код, турли иловалар: UzQR тизими қандай ишлайди?

1-июлдан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар UzQR орқали тўлов қабул қилиши шарт. Ягона QR-код қандай ишлайди, комиссияни ким тўлайди ва унинг бошқалардан фарқи қандай?

Битта код, турли иловалар: UzQR тизими қандай ишлайди?

2026-йил 1-июлдан бошлаб Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ягона QR-кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш тартиби кучга кирди.

Шу санадан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар мижоз талаб қилганида UzQR орқали тўлов қабул қилиши шарт.

Тизим савдо нуқталаридаги QR-кодлар тарқоқлиги муаммосини ҳал қилиш учун жорий этилди. Аввал қайсидир дўконда фақат Payme орқали тўлов қабул қилинса, бошқасида Click ёки Paynet фойдаланилар эди.

Янги чиқиб келаётган иловалар учун эса дўконларда QR-кодларни ўрнатиш деярли имконсиз эди. Ҳукумат UzQR орқали мижозларга ягона QR-код билан UzQR’га интеграция қилинган исталган илова орқали тўлов қилиш имкониятини ишга туширди.

UzQR қандай ишлайди?

UzQR алоҳида тўлов иловаси ёки электрон ҳамён эмас. Харидор ундан фойдаланиш учун янги илова юклаб олмайди. Тизим банклар, тўлов ташкилотлари ва савдо нуқталарини ягона инфратузилмада боғлайди.

Бизнес UzQR’га уланиш учун хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилади. Банк билан эквайринг шартномаси тузилиб, тадбиркорнинг ҳисобварағига бириктирилган QR-код шакллантирилади. Тизимга уланиш ва кодни чиқариш бепул.

QR-код статик ёки динамик бўлиши мумкин. Статик код маълум бир савдо нуқтасига бириктирилади ва ўзгармайди. Харидор уни сканерлагандан кейин тўлов суммасини ўзи киритади.

Динамик QR-код эса ҳар бир харид учун алоҳида яратилади. Унда тўлов суммаси олдиндан кўрсатилади, харидор фақат маълумотларни текшириб, операцияни тасдиқлайди. Бундай кодга алоҳида идентификатор ва амал қилиш муддати бириктирилади.

Харидор банк ёки тўлов иловасидан кассадаги кодни сканерлайди. Иловада сотувчининг номи, реквизитлари ва тўлов суммаси кўринади. Тўлов тасдиқлангач, унинг натижаси харидор ва сотувчига реал вақт режимида етказилади.

Тизим оператори вазифасини Марказий банкнинг банклараро ҳисоб-китоб тизими — MUNIS бажаради. Оператор транзакция ҳақидаги маълумотларни томонларга етказади, тўловларни мониторинг қилади ва банклар ўртасидаги якуний ҳисоб-китоб учун маълумотларни шакллантиради.

Тўлов муваффақиятли амалга оширилгани ҳақидаги хабар дарҳол келади. Пул эса, қоида тариқасида, бир иш куни давомида сотувчининг ҳисобварағига ўтказилади.

Payme ва Click тизимнинг қайси қисмида туради?

QR-код орқали тўловда иккита алоҳида томонни ажратиш керак: сотувчи — пул қабул қиладиган инфратузилма ва харидор — тўловни амалга оширадиган илова.

UzQR сотувчи томонидаги тўлов инфратузилмасидир. Payme, Click, Uzum Bank, Alif ва банкларнинг мобил иловалари эса харидор томонида ишлайди.

Масалан, харидор Payme орқали UzQR кодини сканерлаганда, пул унинг картасидан Payme ёрдамида ечилади. Аммо тўлов ҳақидаги маълумот UzQR инфратузилмаси орқали сотувчининг банкига етказилади.

Шу сабаб UzQR’нинг асосий янгилиги шунчаки янги QR-код пайдо бўлганида эмас. Унинг мақсади турли банк ва тўлов иловаларининг бир хил кодни ўқишини таъминлашдан иборат.

Аввал ҳам TezQR, Rahmat QR, Xolis, Payme QR ва Click QR каби ечимлар мавжуд эди. Бироқ уларнинг ишлаш тартиби, қамрови ва комиссияси бир-биридан фарқ қиларди. Айримлари терминалга боғланган бўлса, бошқалари муайян тўлов сервиси ёки тадбиркорлар тоифаси учун ишлаб чиқилган.

UzQR эса Марказий банк томонидан жорий қилинган умумий стандарт ҳисобланади. Банклар ва тўлов ташкилотлари ўз иловаларини шу стандартга интеграция қилиши керак.

Бошқа QR-кодлар энди олиб ташланадими?

UzQR жорий қилингач тадбиркорларга фақат уни қолдириб, бошқа иловаларнинг QR-кодларини олиб ташлаш талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Бироқ UzQR мажбурий бўлгани Payme, Click, TezQR ёки бошқа тўлов ечимларидан фойдаланиш тақиқланганини англатмайди.

Тадбиркор UzQR билан бирга бошқа QR-кодларни ҳам сақлаб қолиши мумкин. Марказий банк ҳам савдо нуқталарини аввалдан фойдаланаётган QR-кодларни олиб ташлашга мажбурлаш қонунга зид эканини маълум қилган.

UzQR нақд пул ва банк терминалини ҳам бекор қилмайди. Харидор QR-код орқали тўлашга мажбур эмас. Савдо нуқталари аввалгидек нақд пул ва банк карталарини ҳам қабул қилиши керак.

Бунинг яна бир сабаби бор: UzQR ҳозирча фақат Uzcard ва Humo миллий тўлов тизимлари карталари билан ишлайди. Visa ёки Mastercard картасига эга харидор ягона код орқали тўлов қила олмайди. Бундай ҳолатда терминал ёки бошқа QR-ечим керак бўлади.

UzQR кимлар учун мажбурий?

Бу ерда юридик шахслар билан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганларни бир-биридан ажратиш зарур.

UzQR орқали тўлов қабул қилиш талаби савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларга тегишли. Улар 2026-йил 1-июлдан мижоз талаб қилганида ягона код орқали тўлов қабул қилиши шарт. UzQR’дан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш ҳисобланади.

Бироқ айнан UzQR мавжуд эмаслиги учун қанча жарима қўлланиши ҳозирча очиқ кўрсатилмаган. Президент фармонида мажбурият белгиланган, аммо бунинг учун алоҳида жарима миқдори келтирилмаган.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун бошқа — махсус QR-код талаби амал қилади. Бу код тўлов ташкилотининг солиқ органлари билан интеграция қилинган рақамли платформасида шакллантирилади. Бозорда бундай имкониятни ҳозирча Paynet’нинг Xolis платформаси таклиф қилмоқда.

Демак, UzQR ва Xolis бир хил тизим эмас. UzQR тизимидан фойдаланиш имконияти фақат юридик шахслар билан чекланмаган. Бироқ 1-июлдан ягона QR орқали тўлов қабул қилиш мажбурияти юридик шахсларга тегишли. ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун эса солиқ тизими билан интеграция қилинган махсус QR-код бўйича алоҳида талаб амал қилади.

Комиссияни ким тўлайди?

UzQR орқали қабул қилинган тўлов учун сотувчидан транзакция суммасининг 0,65 фоизи миқдорида комиссия олинади.

Масалан, 100 минг сўмлик савдода бизнес 650 сўм комиссия тўлайди. 1 млн сўмлик тўловда эса бу сумма 6 500 сўмни ташкил қилади.

Комиссия тўлов занжиридаги иштирокчилар ўртасида тақсимланади:

0,10 фоиз — сотувчига код берган эквайер банкка;

0,15 фоиз — Uzcard ёки Humo тизимига;

0,20 фоиз — UzQR операторига;

0,15 фоиз — QR-кодни сканерлаган иловага;

0,05 фоиз — тўловчи банкка.

Бир ташкилот тизимда бир нечта вазифани бажарса, бир нечта улушни олиши мумкин. Масалан, харидор банкнинг ўз иловасидан фойдаланса ва карта ҳам шу банкники бўлса, банк бир вақтнинг ўзида тўлов ташаббускори ҳамда карта эмитенти сифатида даромад олади.

Марказий банкнинг расмий изоҳига кўра, харидордан комиссия ундириш UzQR тарифида назарда тутилмаган. Тўлиқ 0,65 фоизлик харажат сотувчи томонидан қопланиши керак.

Бироқ тизим ишга тушган дастлабки кунларда айрим банк ва тўлов иловалари харидордан яна 1 фоиз комиссия олгани маълум бўлди. Амалдаги қоидалар бундай қўшимча йиғимни тўғридан тўғри тақиқламайди. Фақат тўлов тасдиқланишидан олдин унинг миқдорини харидорга кўрсатишни талаб қилади.

Марказий банк истеъмолчилардан қўшимча комиссия ундириш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилаётганини билдирди.

Payme эса ўз фойдаланувчилари учун UzQR орқали тўловлар комиссиясиз эканини эълон қилган. Бироқ у ҳам дастлабки кунларда харидордан 1 фоиз кўринишида комиссия олаётган эди.

Шу сабаб харидорга тўловни тасдиқлашдан олдин сумма ва комиссия ҳақидаги маълумотни текшириш тавсия қилинади. Айрим ҳолларда бошқа иловаларнинг QR-коди, нақд пул ёки банк картаси орқали тўловни амалга ошириш фойдалироқ бўлиши мумкин.

Хориж тажрибаси қандай?

Кўпчилик UzQR тизимини Ўзбекистонга нисбатан яқинроқ бўлган Қозоғистондаги Kaspi ва Хитойдаги Alipay билан ўхшатиши мумкин.

Kaspi ва Alipay’нинг UzQR билан айрим ўхшаш жиҳатлари бўлса-да, уларнинг ишлаш модели кескин фарқ қилади.

Хитойнинг Alipay тизими ҳам QR-код орқали тўлов қилиш имконини беради. Харидор сотувчининг кодини сканерлаши ёки ўзининг тўлов кодини кассирга кўрсатиши мумкин.

Бироқ Alipay UzQR каби миллий банклараро стандарт эмас. У битта хусусий компанияга тегишли электрон ҳамён ва суперилова ҳисобланади. Тўловдан ташқари, унда такси, жамоат транспорти, етказиб бериш, саёҳат ва бошқа кундалик хизматлар мавжуд.

Техник жиҳатдан UzQR’ни Alipay’нинг ўзидан кўра Alipay+ билан таққослаш тўғрироқ. Alipay+ турли мамлакатлардаги банк иловалари ва электрон ҳамёнларни битта савдо инфратузилмасига улайди.

Alipay+ маълумотига кўра, тизим 50 та мобил ҳамён ва банк иловасини бирлаштиради. Унинг тармоғи 2 млрддан ортиқ фойдаланувчи ва QR-тўловларни қабул қиладиган 150 млн савдо нуқтасини қамраб олган.

UzQR ҳам маҳаллий миқёсда шунга ўхшаш вазифани бажариши керак: харидор қайси банк ёки тўлов иловасидан фойдаланишидан қатъи назар, битта код орқали тўлай олиши лозим.

Kaspi QR ҳам хусусий бўлиб, UzQR’дан фарқли модел асосида ишлайди. Kaspi бир вақтнинг ўзида банк, тўлов тизими, маркетплейс, муддатли тўлов ва кредит платформаси ҳисобланади.

Харидор Kaspi QR орқали тўлов қилаётганда оддий Kaspi Gold картаси, Kaspi Red+ муддатли тўлови ёки Kaspi Kredit’дан фойдаланиши мумкин. Сотувчилар эса Kaspi Pay орқали мобил POS, касса, ҳисобот, реклама ва бизнесни молиялаштириш хизматларини олади.

Kaspi бизнесга фақат тўлов ўтказишни эмас, балки миллионлаб харидорлар, маркетплейс ва муддатли тўлов имкониятини ҳам тақдим этади.

Kaspi QR дастлаб компаниянинг ёпиқ экотизими ичида ривожланган. Бироқ 2026-йил июл ойидан Kaspi Қозоғистоннинг ягона QR тизимига қўшилди.

Натижада Kaspi савдо нуқталаридаги кодларни бошқа иштирокчи банкларнинг иловалари ҳам ўқий бошлади. Бу Қозоғистонда хусусий суперилова ва миллий тўлов инфратузилмаси бир-бирига яқинлашаётганини кўрсатади.

UzQR тизимига ўхшаш миллий стандарт асосида ишлайдиган тизимлар Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида кўп учрайди.

Масалан, Индонезияда QRIS пайдо бўлишидан олдин ҳар бир банк ёки электрон ҳамён ўз кодидан фойдаланган. Бир илованинг фойдаланувчиси бошқа провайдер кодини сканерлай олмас эди.

2019-йилда Bank Indonesia ягона QRIS стандартини жорий қилди. Савдогар энди фақат битта лицензияланган провайдерда рўйхатдан ўтиб, битта код олиши мумкин. Харидор эса QRISга уланган исталган банк ёки электрон ҳамён иловаси орқали тўлайди.

Индонезия тажрибасининг UzQRдан муҳим фарқи бор: мамлакатда QR-тўлов хизматини кўрсатувчи барча провайдерлар QRISдан фойдаланиши шарт. Шунга ўхшаш тизим Малайзия, Таиланд ва Камбоджа каби давлатларда ҳам бор.

UzQRни қабул қилиш мажбурий бўлса-да, Ўзбекистонда ҳозирча бошқа QR-кодлардан фойдаланиш тақиқланмаган.

Ўзбекистон UzQR орқали муаммонинг сотувчи томонини ҳал қилмоқда: бизнесда ягона код бўлиши шарт. Бироқ харидорнинг қайси тўлов усулини танлашини мажбурият билан белгилаб бўлмайди.

Агар UzQR орқали тўлов учун қўшимча комиссия олинса, иловалар тўлиқ интеграция қилинмаса ёки операциялар барқарор ишламаса, харидор терминал, нақд пул ёки бошқа QR-кодни танлайди. Бундай ҳолатда UzQR кассада мавжуд бўлади, аммо амалда кам ишлатилиши мумкин.

Шунинг учун тизимнинг муваффақияти QR-кодлар сони билан эмас, улар орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми, транзакцияларнинг муваффақият даражаси ва харидор харажати билан ўлчаниши керак.

Teglar

Mavzuga oid