add

Британия ҳам болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чекламоқчи

Bugun 10:482 daqiqa

Буюк Британия ҳукумати болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қилиш учун кескин рақамли чекловларни муҳокама қилмоқда.

Британия ҳам болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чекламоқчи

Буюк Британия ҳукумати болаларни интернетда яхшироқ ҳимоя қилиш мақсадида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш бўйича янги чора-тадбирларни кўриб чиқмоқда. Энг муҳими, Лондон вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқларни тўлиқ тақиқлаш эҳтимолини ҳам истисно қилмаяпти.

Ҳукуматнинг маълум қилишича, бу масалада Австралия тажрибаси алоҳида ўрганилади. Британия вазирлари Канберрага ташриф буюриб, у ерда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш бўйича қабул қилинган қарорнинг амалий натижаларини таҳлил қилишни режалаштирмоқда. Австралия мазкур қадам билан дунёда биринчи бўлган эди.

Шунингдек, мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш қоидаларини янада қатъийлаштириш имкониятларини ҳам кўриб чиқиляпти. Ҳукумат фикрича, смартфонлардан ҳаддан ташқари фойдаланиш таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатиб, болаларнинг диққатини пасайтиради.

Илм-фан, инновациялар ва технологиялар вазири Лиз Кендалл амалдаги қонунлар ушбу соҳада «охирги сўз» эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, рақамли муҳит тез ўзгараётган бир пайтда қўшимча ва самарали механизмлар жорий этиш зарур.

Бундай хавотирлар фақат Британияга хос эмас. Масалан, Дания 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш режаларини эълон қилди. Бу қарор ҳам болалар руҳий саломатлиги билан боғлиқ хавотирлар ортиб бораётгани билан изоҳланмоқда.

Европа миқёсида эса Европа комиссияси яқин вақтларда YouTube ва Snapchat каби платформаларнинг вояга етмаганларни ҳимоя қилиш бўйича Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун талабларига қай даражада риоя қилаётганини текширишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Франция ҳукумати болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 15 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштираётганди.

Аввалроқ Vaqt.uz давлатларда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланиши сабаблари, бу бўйича тадқиқотлар ва экспертлар фикрини ўрганиб, таҳлилий материал эълон қилганди.

Teglar

Mavzuga oid