
Франция ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқламоқчи
Франция ҳукумати болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 15 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштирмоқда.

Франция келаси йилнинг 1 сентябридан бошлаб 15 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклашни режалаштирган. Бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мазкур ташаббус парламентда 2026 йил январ ойида муҳокама қилиниши кутилмоқда.
«Franceinfo» нашрига кўра, қонун лойиҳасида икки асосий таклиф илгари сурилган. Биринчи таклиф 15 ёшгача бўлган шахсларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлашни назарда тутади. Иккинчи таклиф эса ўрта мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни чеклашга қаратилган. Манбалар таъкидлашича, ҳужжат Европа Иттифоқи қонунчилиги талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасида келтирилишича, кўплаб тадқиқотлар ўсмирлар томонидан рақамли экранлардан ҳаддан ташқари фойдаланиш салбий оқибатларга олиб келаётганини тасдиқлаган. Ҳукумат ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ асосий хавфлар қаторига номақбул контент таъсири, интернетда буллинг ҳолатларининг кўпайиши ҳамда уйқу режимининг бузилишини киритмоқда.
Шунингдек, ҳужжатда Францияда 2018 йилдан бери мактабгача таълим муассасаларидан тортиб ўрта синфларгача мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқлангани эслатиб ўтилган. Бироқ амалда ушбу қоидага тўлиқ риоя этилишини таъминлаш доимо ҳам осон эмаслиги қайд этилган.
Бу ташаббус халқаро амалиёт билан ҳам уйғунлашмоқда. Хусусан, декабрь ойи бошида Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшгача бўлган шахсларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлади. У ерда Facebook, Instagram ва TikTok каби платформалар вояга етмаганлар аккаунтларини ўчириб ташлаши шарт этиб белгиланди. Қонун талабларига риоя этилмаган тақдирда йирик миқдорда жарималар қўлланилиши кўзда тутилган.





